Салимбой номи билан танилган Салим Абдувалиев вафот этгани ҳақида хабарлар тарқалди.
“Эзгулик” инсон ҳуқуқлари жамияти раиси Абдураҳмон Ташановнинг Facebook’да ёзишича, бу ҳақда хабар 11 август куни YouTube’даги каналларнинг бирида пайдо бўлди. Айрим Telegram каналлар бу маълумот фейк экани ҳақида ёзмоқда. Ҳолатга изоҳ олиш мақсадида “Дарё” ИИВ ахборот хизмати раҳбари Шоҳрух Ғиёсов билан боғланди.
“Тарқалган ахборот ҳақиқатга тўғри келмайди”, дея жавоб берди вазирлик масъули.
Салим Абдувалиев ҳақида
Салимбой номи билан танилган Салим Абдувалиев 1950 йилда Тошкент шаҳрида туғилган, маълумоти олий, жамоатчилик асосида Миллий олимпия қўмитаси раиси ўринбосари ва Ўзбекистон спорт курашлари ассосиацияси раиси лавозимларида ишлаган.
У 2023 йилнинг декабрида Тошкент шаҳрида ўтказилган тезкор-профилактик тадбир давомида қўлга олинганди. Салим Абдувалиев Жиноят кодексининг 248-моддаси 1-қисми (ўқотар қуролни қонунга хилоф равишда сақлаш) билан гумон қилинувчи тарзида жалб этилиб, процессуал тартибда ушланган.
2024 йил 19 март куни жиноят ишлари бўйича Миробод туман судида Салим Абдувалиевга оид жиноят ишини кўриб чиқиш бўйича суд жараёни якунланиб, суд ҳукми эълон қилинди.
Унга мувофиқ Салим Абдувалиев Жиноят кодексининг 246-моддаси (контрабанда) 1-қисми билан жиноий жавобгарликка тортиш муддати ўтиб кетгани сабабли жиноий жавобгарликдан озод этилиб, жиноят ишининг шу қисми Жиноят-процессуал кодексининг 84-моддаси (айблилик тўғрисидаги масалани ҳал қилмай туриб жиноят ишини тугатиш учун асослар) 1-қисми 1-бандига асосан тугатилди.
Салим Абдувалиев Жиноят кодексининг 248-моддаси (ўқотар қуролнинг, ўқ-дориларнинг, ўқотар қурол асосий қисмларининг, портловчи моддаларнинг, портлатиш воситаларининг ёки портлатиш қурилмаларининг қонунга хилоф муомаласи) 2-қисмида назарда тутилган жиноятни содир қилганликда айбдор деб топилиб, унга 6 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.
Тайинланган жазони умумий тартибли колонияда ўташ белгиланди.
Изоҳ (0)