Жорий йил январь—июнь ойларида пойтахтда иссиқ сув ва иссиқлик таъминотидан кўрилган зарарни қоплаш учун давлат бюджетидан 1,3 триллион сўм субсидия берилган. Бу ҳақда Veolia Energy Ташкент компаниясининг молиявий масалалар бўйича директори Севара Пардаева журналистлар билан мулоқотда маълум қилди, дея хабар берди “Дарё” мухбири.
-95RexvQA-0SfM5izY.avif)
Севара Пардаеванинг айтишича, иссиқлик корхоналари истеъмолчиларга иссиқ сув ва иссиқлик таъминотини пасайтирилган нархда етказиб бергани ҳисобига кўрган зарарлар давлат бюджетидан субсидия сифатида қопланади. Масалан, Тошкент шаҳрида бир гигакалория (Гкалл) иссиқ сув нархи 664 минг сўм. Аҳоли шундан 18 фоизини тўлайди, қолган 82 фоизи давлат бюджетидан қопланади.
“2025 йилнинг I ярим йиллигида пойтахтда иссиқ сув ва иссиқлик таъминоти учун давлат томонидан жами 1,3 триллион сўм субсидия ажратилган. Шундан 1 триллион сўмдан ортиғи иссиқликка кетган. Қолган 300 миллиард сўм эса бўлинади. Мазкур маблағлардан бизга тегишли қисми ҳам, инвестицион лойиҳаларга йўналтириладиган томони ҳам бор”, деди компания масъули.
Севара Пардаева мулоқот давомида тармоқ учун уч турдаги субсидия ажратилишини таъкидлади.
“Биринчиси — иссиқликка кетадиган ўзгарувчан қисм. Яъни фақат сотиб олинадиган иссиқ сув учун сарфланадиган субсидия. У маблағ Veolia ҳисоб рақамига тушади ва бирданига ишлаб чиқарувчига ўтказилади. Корхона ҳисобида қолмайди. Иккинчиси, харажатларга тегишли пуллар бўлиб, корхона уларни ишлата олади ва чиқимлар бўйича ҳисобот беради. Буни Ҳисоб палатаси ва Монополияга қарши курашиш қўмитаси назорат қилади. Нима учун харажат қилинаётгани доимий текширилади”, деди у.
Компания вакили учинчи турдаги субсидия инвестициялар ва капитал қурилишга ишлатиладиган маблағлар эканини таъкидлади. Мисол учун, Veolia корхонасининг айрим қозонхоналари шу турдаги субсидиялар эвазига қурилган.
Изоҳ (0)