“Севимли” телеканали муаллифлик ҳуқуқини бузгани учун жаримага тортилди. Бу ҳақда Адлия вазирлиги хабар берди.

Маълум қилинишича, муаллиф Р.Худойбердиевга тегишли мусиқий асарлар телеканал томонидан бир нечта теленовеллаларда рухсатсиз ҳамда тегишли шартнома тузмаган ҳолда фойдаланилгани ҳамда Сплай ва YouTube платформалари орқали барчанинг эътиборига етказилгани аниқланган.
Ҳолат юзасидан ҳуқуқбузарга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 177-1-моддаси (муаллифлик ҳуқуқини ва турдош ҳуқуқларни бузиш) билан маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги баённома расмийлаштирилиб, тегишли судга юборилган.
Тошкент шаҳар жиноят ишлари бўйича Миробод туман судининг қарорига кўра, ҳуқуқбузарга нисбатан 177-1-модданинг 1-қисми билан жарима жазоси тайинланган.
Ушбу моддада фуқароларга БҲМнинг 1 бараваридан 5 бараваригача (375 минг сўмдан 1 миллион 875 минг сўмгача), мансабдор шахсларга эса — 5 бараваридан 10 бараваригача (1 миллион 875 минг сўмдан 3 миллион 750 минг сўмгача) миқдорда жарима кўзда тутилган.
“Шу ўринда асарлардан фойдаланувчилардан, жумладан, телерадиоканаллардан муаллифлик ва турдош ҳуқуқларга қатъий риоя қилишларини сўраб қоламиз”, дейилади вазирлик хабарида.
Қонунчиликка мувофиқ муаллиф ҳуқуқбузардан зарар қопланиши ўрнига БҲМнинг 20 бараваридан 1000 бараваригача миқдорда товон тўлашини талаб қилишга ҳақли ҳисобланади.
Муаллифлик ҳуқуқи бузилиши билан боғлиқ бошқа ҳолатлар
19 июнда шоирнинг шеъридан рухсатсиз фойдаланган яна бир хонанда Фаррух Хамраев жаримага тортилганди. Хонанда Феруза Каримова қўшиқ ижросида шеърдан рухсатсиз фойдалангани учун муаллифга 40 миллион сўмдан ортиқ пул тўлаши белгиланганди. Райҳоннинг “Яхшимасми” қўшиғида шеърдан муаллиф рухсатисиз фойдаланилгани аниқланганди. Манзура ва Муроджон Йўлдошев “Азизим” қўшиғини муаллиф рухсатисиз куйлагани маълум бўлганди.
Изоҳ (0)