Ўзбекистонда 1 августдан бошлаб автомобилларга газ тўлдириш шохобчаларида бир куб метр метан газ нархи ошгани ҳақида хабарлар тарқалмоқда. Бироқ ўрганишлар барча ҳудудларда ҳам метан нархи ўзгармаганини, айримларида эски нархи, айримларида эса 4250 сўмгача сотилаётганини кўрсатмоқда.
2024 йил 25 май куни Вазирлар Маҳкамасининг метан газ учун белгиланган энг баланд чакана нархнинг амал қилиш муддатини узайтириш ҳақидаги қарори қабул қилинган ва 1 августга қадар автомобилларга газ тўлдириш шохобчаларида бир куб метр метан газнинг энг баланд нархи 3750 сўм этиб белгиланган эди.
Молия вазирлиги ахборот хизматининг “Дарё”га маълум қилишича, метан газ учун белгиланган энг баланд чакана нархнинг амал қилиш муддати узайтирилмаган.
“Тадбиркорлар метан газ нархини ўзлари мустақил белгилайди”, дея таъкидлади вазирлик мутасаддиси.
Қайд этиш керакки, 2023 йилнинг сентябрь ойида қабул қилинган ҳукумат қарори билан автомобилларга газ тўлдириш шохобчаларида метан газ нархи дастлаб 3250 сўм, шу йилнинг апрелидан 3350 ва 1 июндан бошлаб эса 3750 сўмдан ошиб кетмаслиги белгиланган эди.
Ижтимоий тармоқларда, шунингдек, пропан газ нархи 5800-6500 сўмгача ошгани ҳақида хабар берилмоқда.
Изоҳ (0)