Актриса Баҳора Арслонова ўзининг ижтимоий тармоқлардаги саҳифасида Equinox русумли автомобилини олиб, тўловни амалга оширмаган шахс ҳақида шикоят қилди. У ушбу ҳолат бўйича ички ишлар органларига ва прокуратурага мурожаат қилганини айтди.

Equinox машинамни октябрь ойида бир одам дадамга олиб бермоқчиман, деса кўнглим бўшлик қилиб берибман. Шунчалар ҳам содда бўламанми? Бу одам ўша заҳоти андижонлик одамга сотиб, пулини ишлатиб ҳам бўлган экан. 10 ойдан буён топволган гапи “кунига 500 доллар бериб қутуламан” дейди, лекин қуруқ гап билан раҳмимни келтириб чўзиб юрибди, дейди актриса.

Баҳора Арслонова Instagram орқали кузатувчилари ва кенг жамоатчиликдан қўллаб-қувватлаш сўраб, ўзининг бу масала бўйича кейинги янгиликларини видео орқали мунтазам тақдим этишини билдирди.
Instagramʼга қўйган постларимдан кейин жуда кўпчилик нима қилишим кераклиги ва қаерга боришим кераклиги ҳақида ёзиб юборишди. Ҳаттоки кузатувчиларим орасида судьялар, прокурорлар ва адвокатлар жуда кўп экан. Бу инсонни танийдиганлар ҳам кўп экан. Ҳозир прокуратурага келдим, омад тилаб туринглар. Бу видеоларимни бекорга қўймаяпман, азизлар. Менга ўхшаган содда инсонлар жуда кўп. Сизлар ҳам алданиб қолманглар, деб айтиб боряпман, деди актриса.

Баҳора Арслонова автомобиль хариди билан боғлиқ келишмовчилик ортидан ҳуқуқ-тартибот идораларига мурожаат қилган. У юзага келган вазиятдан ҳайратда қолганини яширмади, одамларнинг ишончни суистеъмол қилаётгани уни чуқур ўйлантирганини айтди.
Одамлар шунчалик бўлиб кетади, деб ўйламагандим, тўғриси. Кимгадир ишонасиз, кимгадир хўп дейсиз, майли, дейсиз, лекин бундай иш қилади деб хаёлимга ҳам келмаган эди. Ҳаммаси яхши бўлади, деган умиддаман. Менга жуда ҳам кўпчилик “Баҳора опа, сиқилманг, ҳаммаси яхши бўлади”, деб ёзибди. Шунисига ҳам раҳмат. Энди эса халқимнинг хизматига, тўй хизматига тайёргарлик кўряпман. Ҳеч бўлмаса шу тўйларга бориб чалғимоқчиман, дейди Баҳора Арслонова.
Актриса ушбу ҳолатни жамоатчиликка очиқ баён этиш орқали нафақат адолат изламоқда, балки бошқаларнинг ҳам шунга ўхшаш вазиятлардан огоҳ бўлишини истамоқда.
Кўплаб инсонлар ҳам худди шундай ҳолатларга дуч келган, алданганлар. Улар мендан ёрдам сўраяпти, қаерга борганимни, нима қилганимни сўраб ёзишяпти. Агар муаммо ҳал бўлса ёки янгилик бўлса, албатта, сизларга хабар бераман, деб ёзди Баҳора Арслонова Instagram саҳифасида.
Изоҳ (0)