Чеченистондан Украинадаги урушда иштирок этиш учун 60 344 нафар жангчи юборилган. Бу ҳақда республика раҳбари Рамзан Қодиров маълум қилди.

Урушга юборилганларнинг 22 064 нафари кўнгиллилардир, айни пайтда жанговар ҳаракатлар зонасида 13 минг жангчи бор. Қодиров 7 май куни Россия президенти билан учрашувда уруш бошланганидан бери Чеченистондан 55,5 минг жангчи, жумладан, 21,6 минг кўнгилли юборилганини айтганди.
Ҳозир фронтда Мудофаа вазирлиги, “Росгвардия”, “Ахмат” махсус кучлари ва Чеченистон Ички ишлар вазирлигидан 11 мингдан ортиқ йигитларимиз бор, деб ёзди Қодиров ўшанда ўзининг Telegram каналида.
Чеченистондан юборилган хавфсизлик кучларининг умумий сони тўғрисидаги маълумотларга казарма шароитида бўлган, таътилдаги ёки жанг майдонидан ротация доирасида қайтган ҳарбийлар киритилмаган. Ҳуқуқ ҳимоячилари маълумотларига кўра, Чеченистонда шартномаларни имзолашга мажбурлаш амалиёти мавжуд.
Чеченистон раҳбарининг урушга қўшаётган “ҳиссаси”
Январь ойида Рамзан Қодиров урушга Хитойнинг бешта зирҳли Changan пикаплари юборганди. У аввалроқ Россия бўлинмаларига автотранспорт, дрон ва ҳарбий анжомлар жўнатилганини ҳам айтганди. 2024 йил октябрь ойида эса Қодиров “Россия учун халқ фронти” ҳаракатига ҳарбий операция эҳтиёжлари учун 100 та “жиҳод машинаси” берганди. Бундан ташқари, Чеченистон раҳбари урушга 78 та УАЗ “Патриот”, УАЗ-452 ва “Нива” автомобиллари юборилишини маълум қилган.
“Россия қаҳрамони Аҳмад-Ҳожи Қодиров” номидаги жамғарма Россия ҳарбийларига ёрдам кўрсатмоқда. Уруш давомида жамғарма қуйидаги нарсаларни харид қилган:
- 2 515 дона махсус автотранспорт,
- 12 650 дона квадрокоптер (дрон),
- 32 781 дона алоқа воситаси,
- 112 857 тўлиқ ҳарбий жиҳоз тўплами.
Жамғарманинг уруш учун ҳозиргача қилган умумий харажатлари 40 миллиард 533 миллион рублни (500 миллион доллардан ортиқ) ташкил этган.
Изоҳ (0)