Қуёш энергияси июнь ойида биринчи марта Европа Иттифоқида асосий энергия манбаига айланди. У шу тариқа атом ва шамол энергетикасини ортда қолдирди. Бу ҳақда Reuters хабар берди.

Июнь ойида унинг умумий ишлаб чиқаришдаги улуши 22,1 фоизни ташкил этган. Бу 2024 йилги кўрсаткичдан (18,9 фоиз) юқоридир. Атом электр станциялари ва шамол генераторлари Европа Иттифоқи мамлакатларида мос равишда 21,8 ва 15,8 фоиз электр энергиясини ишлаб чиқарган.
Европа Иттифоқининг камида 13 давлати, жумладан Германия, Испания ва Нидерландия, қуёш панеллари орқали электр энергияси ишлаб чиқариш бўйича энг юқори ойлик кўрсаткичга эришди.
Bloomberg маълумотларига кўра, 10 июль куни Францияда қуёш энергиясини ишлаб чиқариш рекорд даражага етди. Бу эса тармоқларда арзон электр энергиясининг кўплиги туфайли нархларнинг нолдан пастга тушишига олиб келди.
Париж вақти билан соат 14:00 да мамлакатдаги қуёш электр станциялари рекорд даражадаги 19,5 гигаватт ишлаб чиқарган. Бу эса миллий электр энергиясига бўлган талабнинг қарийб 40 фоизини қоплаган.
Электр энергияси ҳам нефть ва газ каби улгуржи бозорларда сотилади, бироқ муҳим бир фарқи бор: агар ёқилғи захираларда сақланиши мумкин бўлса, электр энергиясини катта ҳажмда жамғариш технологияси ҳали мавжуд эмас. Электр токи бир вақтнинг ўзида ишлаб чиқарилади ва истеъмол қилинади, шунинг учун агар ишлаб чиқариш талабдан анча ошиб кетса ва ортиқча энергияни сақлаб бўлмаса, нархлар манфий қийматга тушиб кетиши мумкин.
Изоҳ (0)