Россия ва Тожикистон “Сангтўда ГЭС-1” қўшма корхонаси олдидаги электр энергияси етказиб бериш бўйича тўпланган қарзни босқичма-босқич ҳисобдан чиқариш тўғрисидаги битимни имзолади. Бу ҳақда Тожикистон парламенти қуйи палатаси тасдиқлаган баённома маълумотларида маълум бўлди.

Маълум қилинишича, Россия олдидаги қарзнинг умумий миқдори 300 миллион долларга тенг. Апрель ойи охирида Россия Федерацияси энергетика вазири Сергей Цивилев ва Тожикистон энергетика вазири Далер Жума имзолаган ҳужжатга кўра, қарздорлик 2034 йилгача босқичма-босқич бекор қилинади.
Аслида Россия Тожикистон аҳолисининг электр энергиясини дотация қилмоқда. 670 МВт қувватга эга “Сангтўда ГЭС-1” мамлакатда ишлаб чиқарилаётган электр энергиясининг қарийб 12 фоизини таъминлайди. Станция ишлаб чиқараётган энергиянинг ягона харидори “Барқи тожик” давлат энергетика холдинги ҳисобланади.
Лойиҳа бўйича томонларнинг улушли капитали умумий ҳажми 847 миллион долларни ташкил этади. Инвестицияларни қайтариш муддати 20 йилдан 35 йилгача — 2048 йилгача узайтирилди.
Таъкидланишича, ҳужжат билан электр энергиясини сотиб олиш тарифлари масаласи ҳам тартибга солинди.
Тожикистон қарзларни тўлашда Россиядан “совға” олган МДҲдаги ягона давлат эмас. Жорий йил баҳорида Россия Федерацияси президенти Владимир Путин Беларусь давлат кредитлари бўйича тўловларини 7 йилдан 12 йилгача кечиктиришни маъқуллади, бу қарорни республика бюджетига қарз юкини камайтириш зарурати билан изоҳлади. Ҳукуматлараро келишувга мувофиқ, Беларусь қарзи бўйича тўловлар 2031 йилдан 2036 йилгача бўлган даврга кўчирилади. Қайта тузилиши керак бўлган қарзнинг умумий суммаси 800 миллион долларга баҳоланмоқда.
2023 йилда Россия Кубага иккита электр станцияси қурилиши учун ажратилган 1,2 миллиард евролик кредит тўловларини камида беш йилга кечиктирди. Бундан ташқари, Москва аллақачон Кубанинг 32 миллиард долларлик қарзидан воз кечган.
Ўтган йили Россия Гвинея Бисаунинг 26,7 миллион долларлик қарзидан кечди, яна 940 минг доллари қайта тузилади. Шундай чоралар аввалроқ Сомалига нисбатан ҳам кўрилган, унга 691 миллион долларни қайтармасликка рухсат берилганди. Умуман олганда, Россия Африка давлатларининг 20 миллиард долларлик қарз мажбуриятларини бекор қилди. Ушбу маблағнинг катта қисми СССРдан тарихий қурол-яроғ етказиб бериш билан боғлиқ: Ангола 3,5 миллиард, Эфиопия 5 миллиард, Жазоир 5,7 миллиард ва Ливия 4,5 миллиард доллар миқдоридаги қарздорликдан озод қилинди.
Изоҳ (0)