Ирландия қирғоқлари яқинида 1787 йилда сирли тарзда чўкиб кетган Британия кемаси қолдиқлари топилди. Бу ҳақда Express хабар берди.

Маълум қилинишича, Recovery кемаси бундан 350 йил муқаддам Италиядан Ирландияга кетаётганда чўкиб кетган. Кемада олти киши, жумладан, капитаннинг икки ўғли ҳам бўлган. Уларнинг ҳеч бири тирик қолмаган. Кема ирландиялик банкир Жон Ла Тушга тегишли қимматбаҳо мармар ва бронза буюмларни олиб кетаётган эди.

Юзлаб йиллар ўтгач, ғарқ бўлган кемаларни қидириш бўйича мутахассис Эдмонд O’Бёрн экспедицияси хазина ортилган кема қолдиқларини топди. У гидролокатор ёрдамида Recovery рулини пайқаганини айтди. Ғаввослар жамоаси яқин атрофда лангарни аниқлашга муваффақ бўлган. Кемада ўтган даврларга оид буюмлар, жумладан, мис чойнак ва сиёҳдонлар сақланиб қолинган.
O’Бёрн таъкидлашича, Recovery қолдиқлари 20 метр чуқурликда жойлашган. Улар ҳали ўрганилади. Кемада олиб кетилаётган кўплаб хазиналар яхши сақланган бўлиши кутилмоқда.

Мутахассис келажакдаги тадқиқотлар кема ҳалокати сабабини тушунтиришга ёрдам беришини айтган. O’Бёрннинг тахминича, кема тасодифан саёз жойга урилиб, рул ва орқа қисмини йўқотган, сўнгра чўкиб кетган.
Изоҳ (0)