Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигининг Қашқадарё вилояти бошқармаси вилоятнинг 7 та тумани ва Шаҳрисабз шаҳар кўмир омборларидан ҳудудлардаги 832 та мактаб ва боғчаларга кўмир етказиш бўйича тендер ўтказганди. Антикоррупция агентлиги мазкур тендерда иштирокчиларга адолатсиз баҳо қўйилиб, хизмат учун паст нарх таклиф қилган корхоналар мағлуб бўлганини, шу сабаб танлов натижалари бекор қилинишини сўраб вазирлик ҳамда бошқармага тақдимнома киритганди.
Telegram’даги “Ревизор.уз” каналининг ёзишича, бошқарма қонун бузилишига йўл қўйиб, ўзбошимчалик қилишда давом этмоқда.

Қашқадарё вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси кўмир маҳсулотларини ташиш хизмати учун танлов ўтказган ва унда “Транспорт техно” МЧЖ ғолиб бўлган эди. Шундан сўнг Коррупцияга қарши курашиш агентлиги мазкур танловда харид комиссияси томонидан иштирокчилар таклифи белгиланган талаблар бўйича баҳоланмагани ҳамда уларга асоссиз равишда номутаносиб баллар қўйилгани, натижада иштирокчилардан энг юқори нарх таклифини берган “Транспорт техно” МЧЖ ғолиб деб топилган деган хулосага келиб, танлов баённомасини бекор қилишни сўраган эди.
Бу бўйича 19 июнь куни Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳамда Қашқадарё вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармасига тақдимнома киритганди. Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан танлов баённомаси бекор қилиниши сўралган бўлса-да, 23 июнда бошқарма ғолиб фирма билан шартнома тузди”, дейилади бу ҳақдаги хабарда.

Бундан келиб чиқадики, Антикоррупция агентлигининг тақдимномаси вазирликнинг вилоятдаги бошқармаси масъулларининг ноқонуний ҳаракатини давом эттиришига тўсқинлик қилмаяпти.

“Дарё” Антикоррупция агентлигининг танлов натижалари бекор қилинишини сўраб вазирлик ҳамда бошқармага ёзган тақдимномаси натижасини кузатишда давом этади. Таҳририят мавзуга қайтади.
Изоҳ (0)