Ўзбекистон президенти Иорданиянинг олий нишони — “Ан-Наҳда” (“Ренессанс”) ордени билан мукофотланди.

Президент матбуот хизматининг хабар беришича, ушбу мамлакатнинг олий мукофотини давлат ташрифи билан бўлиб турган Иордания Ҳошимийлар подшоҳлиги подшоҳи Абдулла II ибн ал-Ҳусайн шахсан топширди.
“Ушбу мукофотни кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтириш борасидаги умумий саъй-ҳаракатларимизнинг муносиб эътирофи, шунингдек, мамлакатимизда Учинчи Ренессанс пойдеворини яратаётган Ўзбекистон халқига дўстона муносабат ва ҳурмат ифодаси сифатида катта мамнуният билан қабул қиламан”, деди президенти.


Президент ушбу юксак мукофот Ўзбекистон ва Иордания халқлари ўртасидаги мустаҳкам дўстлик рамзи сифатида муносиб ўрин эгаллашини таъкидлади. Сўзининг якунида подшоҳ Абдулла II ибн ал-Ҳусайнга мукофот учун яна бир бор миннатдорлик билдириб, Иордания халқига тинчлик-осойишталик ва равнақ тилади.
Изоҳ (0)