Россиянинг Иркуцк шаҳрида қийин вазиятда қолган икки нафар ўзбекистонлик ватанга қайтарилди. Бу ҳақда “Дунё” хабар берди.

Маълум қилинишича, Россиянинг Иркуцк шаҳрида оғир ҳаётий синовларга тушиб қолган икки нафар Ўзбекистон фуқаросининг ватанга қайтиши таъминланди.
Ушбу инсонпарварлик ёрдами Ўзбекистоннинг Новосибирск шаҳридаги Бош консулхонаси томонидан Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг Россиядаги ваколатхонаси билан биргаликда амалга оширилди.
Уларнинг Ўзбекистонга қайтиши учун Иркуцк—Тошкент йўналишида самолётга чипта харид қилиб берилди. Улар 24 август куни Ўзбекистонга учиб кетган.
Ўзбекистонда жорий йил 30 июлдан 30 августгача “Ватанга қайтариш” хайрия гуманитар акцияси амалга оширилмоқда. Акция доирасида Саудия Арабистонида оилавий зўравонлик қурбони бўлган ўзбекистонлик ватанга қайтарилган эди.
“Ватанга қайтариш” хайрия акциясидан чет элларда оғир шароитда қолган ўзбекистонликларни ватанга қайтариш мақсад қилинган. Режага асосан, аввало Туркия, Россия, Қозоғистон, БАА, Саудия Арабистони, Ҳиндистон, АҚШ ва Кореядаги депортация марказларида бўлиб турган аёллар ва болалар ватанга қайтарилади.
Хорижда оғир молиявий аҳволда қолган фуқаролар консуллик муассасалари ёки Миграция агентлиги ваколатхоналари хулосаси асосида Ўзбекистонга олиб келинади. Ватанга қайтарилган фуқароларни самарали реинтеграция қилиш бўйича амалий чоралар кўрилади. Улар давлат томонидан тақдим этилаётган мақсадли субсидиялар, имтиёзли кредитлар, тадбиркорлик ва ўзини ўзи банд қилиш дастурлари орқали қўллаб-қувватланади.
Фуқароларни қайтариш билан боғлиқ транспорт харажатлари Миграция жамғармаси маблағлари ҳисобидан қопланади.
Изоҳ (0)