Голливуд юлдузлари оммавий эътиборга кўникиб қолган, аммо айрим мухлислар шахсий чегаралардан ўтиб кетади. Баъзи воқеалар табассум уйғотади, ҳатто актёрларнинг ўзлари ҳам кейинчалик бу ҳақда кулиб эслашади. Бироқ шундай ҳолатлар ҳам борки, одамнинг этини жунжиктириб юборади.
Жоди Фостер ва президентга суиқасд
Энг даҳштли воқеалардан бири 1981 йил 30 мартда содир бўлган. Ўша куни кичик Жон Хинкли АҚШ президенти Роналд Рейганга суиқасд уюштиради. Энг ҳайратланарлиси шундаки, у буни давлат раҳбари ёки мамлакатдаги вазият ёқмагани учун қилмаган. Аксинча, у ёш актриса Жоди Фостерда таассурот қолдирмоқчи эди. Хинкли “Таксист” фильмини кўргандан сўнг Фостерни севиб қолганди.
Бундан олдин эса Фостер Ел университетига ўқишга кирганда, Хинкли унинг ортидан Нью Хейвенга боради. Узоқ вақт давомида уни таъқиб қилиб, хатлар ёзади, телефон қилади. Аммо муҳаббати жавобсиз қолади.
Суиқасд натижасида президент ва яна уч киши жароҳат олади. Хинкли руҳий касалликка чалинган деб топилиб, психиатрия клиникасига жойлаштирилади.
Николас Кейж ва музқаймоқ ялаётган яланғоч одам
Николас Кейж шунчаки кино тарихидаги энг ғалати икки таъқиб қурбонига айланди. 1999 йилда “Ўликларни тирилтириш” триллерини суратга олиш пайтида уни таъқиб қила бошлашади.
Нотаниш одам қандайдир йўл билан суратга олиш майдонига кириб, пантомималар ижро этарди. Продюсерлар хавфсизликни кучайтиришга мажбур бўлади.
Бошқа воқеа 2011 йилда Оринж-Каунтида тунги соат иккида юз беради. Нимадир Кейжни тун ярмида уйғотиб юборади. У кўзини очганда, унинг чарм камзулини кийган яланғоч бир эркак каравот ёнида туриб эскимо еяётганини кўради. Актёр полиция чақиради, лекин нотаниш кишига қарши ариза бермайди.
Сандра Буллок ва ҳаддидан ошган мухлис
2014 йил июнь ойида Сандра Буллок жуда даҳшатли воқеани бошдан кечиради. Жошуа Корбетт юлдузнинг Бел-Эйрдаги ҳовлиси деворидан ошиб ўтиб, уйига бостириб киради. Бунга қадар у Буллокка мунтазам равишда мактублар йўллаб, ўзини унинг эри деб атаган.
Яхшиямки, Буллок шовқиндан уйғониб кетади ва гардироб хонасига қамалиб олишга ҳамда полицияни чақиришга улгуради. Жиноятчининг уйини тинтиш чоғида кўп миқдорда ўқотар қуроллар ва актрисанинг суратлари топилади.
Суд унга руҳий касалхонада даволанишни ва актрисага яқинлашишни тақиқлайди. Шундан сўнг у синов муддати билан озод қилинади, аммо бу шартларга риоя қила олмайди. 2018 йил май ойида полиция уни ҳибсга олиш учун уйига келганда ўзини отиб қўяди.
Кира Найтли ва миёвлайдиган фанат
Кира Найтли ҳам жуда ғалати таъқибга учраган. 2017 йилда мусиқачи Марк Ревилл уни кузатиб юради. У актрисанинг уйига келиб, почта қутиси орқали миёвлашни бошларди.
Миёвлашдан ташқари, Ревилл актриса учун мушуклар ҳақидаги қўшиқлар ёзилган флешкалар ва табрик хатлар қолдирарди. Кимгадир бундай ҳис-туйғулар изҳори ёқимли туюлиши мумкин, аммо у ижтимоий тармоқларда ўзини “оммавий жаллод” деб атарди. Бундан ташқари, унинг актрисага юборган кўплаб хабарлари таҳдидли эди.
Охир-оқибат суд параноид шизофрения билан оғриган Ревиллни номаълум муддатга руҳий касалликлар шифохонасига мажбурий даволанишга юборади.
Изоҳ (0)