Жорий йил II чорагида Ўзбекистонда аксар корхоналар тўлиқ қувватда ишлашига газ ва электр таъминотидаги узилишлар тўсқинлик қилган. Бу ҳақда Марказий банк ўтказган сўровда аниқланган.

Июль ойида мамлакатнинг барча ҳудудларида фаолият юритаётган тадбиркорлар иштирокида сўров ўтказилган. Тадқиқотда иқтисодий фаоллик, тадбиркорлик муҳити ва бандлик билан боғлиқ масалалар ўрганилган. Жумладан, айрим корхоналар тўлиқ қувватда ишлашига тўсиқ бўлаётган омиллар таҳлил қилинган.
Тошкент шаҳри ва вилоятида айрим корхоналар фаолиятида имконият чекланишига газ ва электр таъминотидаги узилишлар сабаб бўлган. Ўз навбатида юқори ижара харажатлари, автомобиль ёнилғиси қимматлашуви, маъмурий аралашувлар каби омиллар ҳам икки ҳудуддаги бизнесга салбий таъсир қилгани қайд этилган.

Бухоро, Навоий, Самарқандда ҳам энергия муаммоси асосий тўсиқлардан бири сифатида кўрсатилган. Мазкур ҳудудлардаги тадбиркорлар юқоридаги омилларга солиқ тизимидаги қийинчиликларни қўшимча қилинган. Қолган ҳудудлардаги тадбиркорлар маблағ етишмаслигидан ҳам азият чекаётганини келтириб ўтган.
Таҳлилга кўра, Жиззах ва Сирдарё вилоятларида ташиш, ҳунармандчилик ва ишлаб чиқариш тармоқлари қувватларидан тўлиқ фойдалана олмаяпти. Бунга асосий тўсиқлар: айланма маблағлар етарли эмаслиги, солиқ тизимидаги қийинчиликлар, энергия таъминотидаги узилишлар ва талабнинг юқори эмаслигида.
Сўров натижаларидан барча ҳудудлар учун универсал муаммо — энергетика узилишлари эканини кўриш мумкин.
Тадқиқот даврида тадбиркорларнинг молиявий ҳолати ҳам ўрганилган. Улар орасида охирги уч ойда қарз мажбуриятлари ошганини билдирганлар улуши ортган. Шу билан бирга, қўшимча кредитларга бўлган талаб борасидаги кутилмаларда ижобий тенденциялар сақланиб қолмоқда.
“Қашқадарё, Наманган ва Тошкент вилоятларида келгуси чоракда кредит ресурсларига эҳтиёж сезиларли ошиши кутилмоқда. Туризм, қурилиш ва ҳунармандчилик соҳаларидаги тадбиркорлар томонидан кредит маблағларига нисбатан юқори қизиқиш билдирилмоқда”, дейилади Марказий банк таҳлилида.
Манба ўрта муддатли истиқболда тадбиркорларнинг мамлакат иқтисодий ривожланишига бўлган ишончи ижобий сақланаётганини қайд этган.
Аввалроқ Марказий банк тадқиқотида нон нархи нега қимматлашгани ўрганилганди. Натижаларга қараганда, мамлакатда охирги беш йилда нон нархи 77,6 фоизгача ошган.
Изоҳ (0)