Россиянинг Санкт-Петербург шаҳрида оғир ҳаётий вазиятда қолган 100 дан ортиқ Ўзбекистон фуқаролари олиб келинади, деб хабар берди “Дунё” ахборот агентлиги.

Қайд этилишича, мазкур инсонпарварлик кўмаги Ўзбекистонда 30 июлдан 30 августгача эълон қилинган “Ватанга қайтариш” лойиҳаси доирасида мамлакат Бош консулхонаси ва Миграция агентлиги ваколатхонаси кўмагида амалга оширилади.
Акцияси доирасида Санкт-Петербург шаҳрида оғир ҳаётий вазиятда бўлган 100 дан ортиқ Ўзбекистон фуқароларига ватанга қайтиш сертификатлари ва авиачипталар тақдим этилди. Улар 18 август куни Ўзбекистонга кузатиб қўйилади.

Бундан ташқари, 33 нафар ўзбекистонликка, шу жумладан, Хорижий фуқароларни вақтинча сақлаш марказида бўлган ва оғир моддий аҳволда қолган фуқароларга моддий ёрдам кўрсатилди.
“Ватанга қайтариш” хайрия гуманитар акцияси режасига асосан, аввало Туркия, Россия, Қозоғистон, БАА, Саудия Арабистони, Ҳиндистон, АҚШ ва Кореядаги депортация марказларида бўлиб турган аёллар ва болалар ватанга қайтарилади. Хорижда оғир молиявий аҳволда қолган фуқаролар Консуллик муассасалари ёки Миграция агентлиги ваколатхоналари хулосаси асосида Ўзбекистонга олиб келинади.
Ватанга қайтарилган фуқароларни самарали реинтеграция қилиш бўйича амалий чоралар кўрилади. Улар давлат томонидан тақдим этилаётган мақсадли субсидиялар, имтиёзли кредитлар, тадбиркорлик ва ўзини ўзи банд қилиш дастурлари орқали қўллаб-қувватланади.
Маҳаллий ҳокимликлар, Бандлик вазирлиги, Оила ва хотин-қизлар қўмиталари, ватанга қайтарилган фуқароларни руҳий, ижтимоий ва иқтисодий мослаштириш ишларини амалга оширади.
Изоҳ (0)