Қозоғистонда 13 августдан бошлаб сунъий йўлдош орқали интернет хизматини тақдим этувчи Starlink расман ишга тушди. Бу ҳақда мамлакат Рақамли ривожланиш вазирлиги хабар берди.

Вазирлик маълумотларига кўра, Starlink технологияси энг олис ва етиб бориш қийин ҳудудларда ҳам барқарор интернетни таъминлайди ҳамда аҳолига замонавий рақамли хизматлардан фойдаланиш имконини яратади. Маълумот учун, 12 июнь куни Рақамли ривожланиш вазирлиги ва Starlink ўртасида компаниянинг Қозоғистон қонунчилигига риоя қилиши бўйича келишув имзоланган эди.
“Мамлакатда ҳануз бориш қийин бўлган ҳудудлар — яйловлар, тоғли қишлоқлар, узоқдаги корхоналар мавжуд бўлиб, Starlink уларга интернет олиб киришда муҳим рол ўйнайди”, деди Рақамли технологиялар вазири Жаслан Мадиев.
Ҳозиргача Starlink Қозоғистонда фақат синов (пилот) режимида ишлаган ва юқори тезликдаги интернетдан асосан қишлоқ мактаблари фойдаланаётган эди. Эндиликда эса хизмат барча фойдаланувчилар учун очиқ бўлади.
Изоҳ (0)