Баъзи сериалларни қайта-қайта кўрамиз, лекин шунда ҳам ижодкорлар яширган кўплаб ишораларни пайқамаймиз. Масалан, доктор Ҳауснинг қайси манзилда яшаши ва бу манзилда қандай ишора яширинганига эътибор берганмисиз? Худди шундай яширин ишораларни машҳур фильмларда кўплаб учратиш мумкин. Қуйида бир нечтасини кўриб ўтамиз.
“Тахтлар ўйини”да барча дотракийлик жангчилар сочларини узун қилиб ўради. Агар жангчи жангда мағлуб бўлса, у ўрилган сочини кесиб ташлайди. Демак, соч ўрими қанчалик узун бўлса, жангчи шунчалик кучли ҳисобланади. Халиси Деенерис бу анъанага риоя қилади ва ўз халасарида ҳақиқий маликага айланганидан бери сочини ўра бошлайди. Ғалабалар сони ортган сайин унинг соч турмаги ҳам мураккаблашиб боради: сериал якунига келиб, унинг соч турмаги шоунинг саккизинчи мавсумидан ҳам чалкашроқ кўринишга эга бўлади.

“Шерлок” сериалида Жон Уотсоннинг ўз блоги учун матн ёзишига эътибор беринг: у ҳарфларни фақат икки бармоғи билан теради. Бу Виктория даври ёзув техникасига эҳтиром бўлиб, айнан ўша даврда Шерлок Холмс ҳақидаги воқеалар содир бўлган эди.

“Оқсоч ҳикояси” сериали сюжетига кўра, воқеалар тоталитар жамиятда кечади. Бу жамиятда аёлларга қуллар мақоми берилган: уларга ишлаш, таълим олиш, ўқиш ва ёзиш тақиқланган. Сериал ижодкорлари деталлар устида ниҳоятда пухта ишлаган. Мисол учун, “тўхташ” белгиси ўрнига қўл тасвири қўлланилган.

Дўконлардаги маҳсулотлар билан ҳам худди шундай: қадоқларда матн эмас, фақат расмларни кўриш мумкин.

“Тож” сериалида қиролича деярли ҳар сафар бош вазир билан суҳбатлашиш, дипломатик учрашув ўтказиш ёки фуқароларга мурожаат қилиш каби муҳим тадбирларга тайёрланаётганида маржонини тақади. Қиролича Елизавета II нинг ҳақиқатан ҳам бир эмас, балки учта шундай маржони бўлган.

“Онангизни қандай учратганман” сериалининг бир қисмида машҳур америкалик комедиячи Конан ОБраенни кўриш мумкин. Унинг роли шу қадар кичик эдики, унда ҳатто битта ҳам сўз айтилмаган.

“Доктор Ҳаус” сериалида музокаралар хонасидаги қаҳва машинасида шундай ёзувни кўриш мумкин: “Ажойиб қаҳва. “Прозак”дан арзонроқ!”. “Прозак” — сериалда тез-тез тилга олинадиган антидепрессант дори ҳисобланади.

Синчков томошабин Грегори Ҳауснинг манзили Бейкер-стрит, 221В эканлигига эътибор беради. Сериал ижодкорлари доктор Ҳаус образи Шерлок Холмс сиймосидан илҳомланганини бир неча бор таъкидлашган, шу сабабли бундай қизиқарли ишора қолдирилган.

Изоҳ (0)