АҚШнинг собиқ президенти Гровер Кливлендга тегишли Нью Жерсининг жанубида жойлашган Принстон шаҳридаги уй 5,28 миллион долларга сотилди, деб хабар бермоқда Mansion Global.

Уйнинг умумий майдони 589,4 квадрат метр бўлиб, унда еттита ҳаммом ва олтита ётоқхона мавжуд. Барча хоналардаги шифт баландлиги 3,6 метр. Уйнинг ички қисмида Кливленд даврига оид оригинал декоратив элементлар — ганч ўймакорлиги, ёғоч безаклар ва мармар қопламалар ҳануз сақланиб қолган.

Бинонинг ўзи 1854 йилда колониал услубда қурилган. Кливленд 1897 йилда иккинчи президентлик муддати якунида ушбу хонадонга кўчиб келган ва 1908 йилда вафотигача шу ерда яшаган.
Бу давр мобайнида у Принстон жамиятининг фаол аъзоси бўлиб, университет профессорлари ва талабалар билан яқин алоқада бўлган, ҳатто туғилган куни муносабати билан талабалардан серенадалар эшитган. Уйнинг ичида президентнинг севимли машғулотлари — билярд ва “Poverty Club” номли ўйинлар учун мўлжалланган хоналар ҳам сақланган.


2004 йилда уй архитектор Макс Ҳайден томонидан реставрация қилиниб, Виктория давридаги асл кўриниши қайтарилган. 2015 йилда эса у 4,325 миллион долларга сотилиб, замонавий ошхона, ақлли уй тизимлари ва бошқа қулайликлар билан жиҳозланган.

Мазкур уй архитектура ёдгорлиги сифатида АҚШнинг тарихий обидалари рўйхатига олинган.
Изоҳ (0)