Тошкент вилоятида қурилиши режалаштирилган янги халқаро аэропорт Ўрта Чирчиқ туманида жойлашиши мумкин. Бу ҳақда Тошкент вилояти ҳокими Зойир Мирзаев 11 август куни “Ҳокимлик соати” йиғилишида маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, янги Тошкент халқаро аэропорти Ўрта Чирчиқ туманида 1 200 гектар майдонда барпо этилади. Шунингдек, Бекободдан Бўка, Пискент ва Нурафшон орқали пойтахтга темирйўл қурилади.
“Бекобод шаҳар, Бекобод туман, Бўка, Пискент, Нурафшон орқали Тошкент шаҳрига темирйўл лойиҳаси киритилиб, лойиҳалаштириб, янаги йил бошла деган топшириқ кетаётган бўлса, 1 200 гектар аэропорт Ўрта Чирчиқ туманига келиб жойлашса, яна нима қилиб берилиши керак давлат томонидан, айтинглар-чи?”, деган ҳоким.
Тошкент вилоятида янги халқаро аэропорт қурилиши режалаштирилгани ҳақида 1 август куни Президент матбуот хизмати хабар берганди. Маълум қилинишича, Тошкент шаҳрига авиайўловчилар оқими 2030 йилда 15 миллионга етиши кутилмоқда. Лекин бунга ҳозирги аэропортнинг қуввати етмайди.
Шаҳар ичида жойлашгани сабабли уни кенгайтириш имкони ҳам йўқ. Шу боис Тошкент вилоятида янги халқаро аэропорт қуриш режалаштирилган. Бугунги кунда хусусий шериклик бўйича хорижий компаниялар таклифлари кўриб чиқилмоқда.
Изоҳ (0)