Жорий йил июль ойида Ўзбекистон аҳолисига сезилган инфляция даражаси 13,3 фоизни ташкил этди (июндагидан 0,1 фоиз паст). Бу ҳақда Марказий банкнинг навбатдаги таҳлилида қайд этилган.

Ҳудудлар кесимида ўртача даражадан энг юқори сезилган инфляция Тошкент шаҳрида бўлди — 16,4 фоиз. Шу билан бирга, Фарғона (14,5 фоиз) ва Қашқадарё (13,8 фоиз) вилоятларида ҳам нисбатан юқори кўрсаткич қайд этилган. Энг паст даражада сезилган инфляция Навоий вилоятида кузатилган — 11,7 фоиз.
-L59vQY4t.avif)
Июль ойида аҳоли томонидан нархларида юқори ўсиш кузатилган асосий маҳсулотлар гўшт ва сут бўлган. Ўз навбатида дорилар, ўсимлик ёғи ва мева-сабзавотлар қимматлашганини билдирганлар сони ортган.
Мамлакатда даромадлари 5 миллион сўмдан ортиқ бўлган аҳолининг сезилган инфляция даражаси нисбатан юқори шаклланган. Энг кучли сезилган инфяция 15 миллион сўмдан юқори даромад олувчиларда қайд этилган — 17,7 фоиз. Энг паст сезишлар ойига 2-3 миллион сўм топадиганларда учраган.
-YrmgWmes.avif)
Аҳоли томонидан юқори сезилган инфляция даражаси таълим (14,9 фоиз) ва давлат ташкилоти (14 фоиз) вакиллари томонидан билдирилган. Нисбатан паст сезилган инфляция савдо (11,7 фоиз) ҳамда маиший хизмат (11,1 фоиз) соҳалари вакиллари томонидан қайд этилган.
Аҳоли инфляцион кутилмалари
Июль ойида аҳолининг келгуси 12 ойлик инфляцион кутилмалари июндагига нисбатан 0,3 фоизга пасайиб, 12,9 фоизга тенг бўлди. Бунда коммунал, ёқилғи ва энергия қимматлашишидан хавотир кучлироқ бўлган. Шунингдек, валюта курси ўзгариши ва асосий озиқ-овқатлар нархи ошиши кутилмалари билдирилган.
Аҳолининг юқори инфляцион кутилмалари умумий овқатланиш ва таълим соҳалари вакиллари томонидан қайд этилган. Келгусида нархлар шаклланиши бўйича нисбатан паст кутилмалар талабалар ҳамда савдо соҳаси вакиллари томонидан билдирилган.

Аҳоли инфляцион кутилмаларининг юқори кўрсаткичи Тошкент шаҳрида (16 фоиз) кузатилган. Энг паст кутилмалар Бухоро вилоятида (11,3 фоиз) қайд этилган.
Тадбиркорлар инфляцион кутилмалари
Тадбиркорлик субъектларининг инфляцион кутилмалари ўтган ойга нисбатан 0,3 фоиз бандга ошиб, 12,1 фоизни ташкил этган. Асосий хавотирлар коммунал тўловлар ошиши, иш ҳақи ва нафақалар кўтарилиши ҳамда солиқ юки юқорилигидан бўлган.
Тадбиркорлар юқори инфляцион кутилмалари умумий овқатланиш ва қурилиш соҳаларида фаолият олиб борадиган корхоналар томонидан қайд этилган. Нисбатан паст кутилмалар ҳунармандчилик ҳамда туризм соҳаларида кузатилган.
-L09GjB_D.avif)
Тадбиркорлик субъектларининг юқори инфляцион кутилмалари Тошкент вилоятида кузатилган (13,8 фоиз) бўлса, паст даражаси Фарғона вилоятида (10,6 фоиз) фаолият олиб бораётган тадбиркорлар томонидан қайд этилган.
Даромадлари 5 миллион сўмдан юқори бўлган аҳолининг инфляцион кутилмалари нисбатан юқори даражада шаклланди. Хусусан, ойига 15 миллион сўмдан кўп пул топадиганлар инфляцияни энг юқори 15,7 фоиз даражасида бўлишини кутмоқда. 2 миллион сўмгача даромад қиладиганлар эса 11,7 фоизлик инфляция кутмоқда.
Аввалроқ Стастистика қўмитаси июлда Ўзбекистонда йиллик инфляция даражаси 8,9 фоизни ташкил этганини хабар қилганди. Аҳоли ва бизнес инфляцион кутилмалари доимий равишда расмий инфляцияга қараганда сезиларли юқорилигича қолмоқда.
Изоҳ (0)