Ироқнинг Нажаф ва Карбало шаҳарларини боғловчи йўлда жойлашган сув тозалаш иншоотидаги носозлик сабаб ҳавога хлор гази сизиб чиқди. Оқибатда 600 дан ортиқ зиёратчи нафас қисиши симптоми билан касалхонага ётқизилди. Бу ҳақда Arab News хабар берди.

Мамлакат Соғлиқни сақлаш вазирлиги заҳарланиш ҳолатлари ҳақида 10 август куни маълум қилган. Расмий маълумотларга кўра, бахтсиз ҳодиса тунда юз берган.
“Карбало шаҳрида ҳавога хлор гази сизиб чиқиши оқибатида 621 нафар шахсда нафас етишмовчилиги кузатилди. Уларнинг барчасига тиббий ёрдам кўрсатилиб, соғлом ҳолда уйларига жавоб берилди”, дейилади баёнотда.
Зиёратчиларни ҳимоя қилиш билан шуғулланувчи хавфсизлик кучлари воқеага Карбало–Нажаф йўлидаги сув тозалаш станциясида юз берган хлор сизиб чиқиши сабаб бўлганини тасдиқлаган.
Маълумот учун, Ироқнинг Карбало шаҳрига ҳар йили миллионлаб шиа мусулмонлари зиёрат мақсадида ташриф буюради. Бу йил ҳам зиёратчилар Имом Ҳусайн ва унинг укаси Аббос мақбараларига ташриф буюрмоқда. Бу ерда улар Муҳаммад (с.а.в.) пайғамбарнинг набираси Ҳусайннинг ўлимини хотирлаб, 40 кунлик мотам тутади.
Ироқда инфратузилма йиллар давом этган урушлар ва коррупция оқибатида жиддий зарар кўрган бўлиб, одамлар кўпинча хавфсизлик қоидаларига риоя қилмайди. Бунинг оқибати ўлароқ, 2025 йил июль ойида Кут шаҳридаги савдо марказида йирик ёнғин юз берган. Ҳодисада 60 дан ортиқ одам ҳалок бўлган, уларнинг кўпчилиги ҳожатхоналарда бўғилиб қолган.
Изоҳ (0)