Исроил бош вазири Биньямин Нетаньяху 10 август куни Қуддусда бўлиб ўтган матбуот анжуманида мамлакатнинг “ишни охиригача етказиб, ҲАМАСни мағлуб этишдан бошқа йўли йўқлигини” таъкидлади. Вазирга кўра, бу Ғазо секторидаги урушни тугатишнинг энг яхши йўли саналади. Бу ҳақда RBC хабар берди.

Нетаньяхуга кўра, Исроил ҳозирда Ғазо секторининг 75 фоизигача бўлган ҳудудни назорат қилмоқда. Бироқ ҲАМАСнинг асосий таянч нуқталаридан бири бўлмиш Ғазо шаҳри ҳануз босиб олинмаган. Бош вазир гуруҳни йўқ қилиш урушни тугатишнинг “ягона ва яхши йўли” эканини таъкидлаб, шундай деди:
“Исроилнинг мақсади Ғазони босиб олиш эмас, балки уни озод қилиш”.
Шунингдек, бош вазир урушни якунлаш бўйича 5 тамойилни санаб ўтган:
- ҲАМАСни қуролсизлантириш;
- гаровдагиларни озод қилиш;
- Ғазони демилитаризация қилиш ва ҳудуд хавфсизлигини Исроил назоратига олиш;
- ҳамда на ҲАМАС, на Фаластин ҳукумати бошқарадиган “муқобил фуқаролик маъмурияти”ни ташкил этиш.
Нетаньяхунинг айтишича, янги ҳукумат болаларни террорчилик фаолиятига аралаштирмаслиги, терроризмни молиялаштирмаслиги ёки қўллаб-қувватламаслиги ҳамда Исроил давлати билан тинч яшашга тайёр бўлиши лозим.
Маълум қилинишича, Исроилнинг ҳарбий-сиёсий кабинети 8 август куни Ғазо шаҳрини назоратга олиш режасини маъқуллаган. Нетаньяху ҳукумати вакиллари операция давомида тинч аҳолига гуманитар ёрдам кўрсатилишини, ҳарбий ҳаракатлар бошланишидан олдин эса Ғазо ва унга туташ ҳудудларда яшовчи тахминан 1 миллион аҳоли жанубга эвакуация қилинишини эълон қилган. Ушбу операция 5 ойгача давом этиши мумкинлиги прогноз қилинмоқда.
Мазкур режа Исроилда ҳам, халқаро майдонда ҳам норозиликларга сабаб бўлмоқда. Жумладан, Тель-Авивда минглаб одамлар кўчаларга чиқиб, ҳарбий ҳаракатларни кучайтиришга қарши чиққан ва гаровда қолаётган ҳарбийлар ва асирларни озод қилишни талаб қилган.
Изоҳ (0)