Хитойда эркакни алдаб 300 йилга спорт залига абонемент сотиб олишга мажбур қилишди. Бу ҳақида “Oddity Central” хабар бермоқда.

Ханчжоуда яшовчи 45 ёшли Жин исмли эркакнинг айтишича, у залда уч йил машқ қилгандан сўнг, ходимлар унга содиқ мижозлар учун узоқ муддатли обуналарни имтиёзли нархда сотиб олиб, кейин уларни янги аъзоларга икки баравар қиммат нархда қайта сотиш каби “махсус” имконият таклиф қила бошлаган.
Уларнинг айтишича, клуб фақат 10 фоиз комиссия олади, қолгани эса харидор учун соф фойда бўлади. Агар икки ой ичида абонементни қайта сотишнинг иложи бўлмаса, пулни тўлиқ қайтаришга ваъда беришган.
“Улар бу фойдали сармоя эканлигини айтишди. Агар сотолмасам, пулимни қайтаришади. Хавф йўққа ўхшарди”, - деб эслайди эркак.
Бироқ бир неча кундан сўнг сотувчи битимни бу сафар янада каттароқ ҳажмда такрорлашни таклиф қилган. Ваъдаларга ишониб, Жин оммавий равишда абонемент сотиб ола бошлаган. Шундай қилиб, уч ой ичида у тахминан 120 минг доллар сарфлаб, умумий давомийлиги 300 йилга тенг бўлган 1200 га яқин шахсий машғулотлар ва абонементларни харид қилган.
Жин ўз инвестицияларини сота олмаган ва пулни қайтариш муддати келганда, сотувчи, менежер ва клуб эгаси билан алоқа тўсатдан узилган. Телефонлар ўчирилган, офис бўм-бўш, фитнес-марказнинг ўзи эса кутилмаганда фаолиятини тўхтатган. Эркакнинг сўзларига кўра, фирибгарлар изсиз ғойиб бўлишган.
“Мен шунчаки пул йўқотганим йўқ. Спорт залига 300 йиллик абонемент билан қолиб кетдим. Агар абадий яшаганимда ҳам улардан фойдалана олмаган бўлардим”, деб нолиб айтади у.
Жабрланувчи Ханчжоу полициясига мурожаат қилган ва ҳозирда фирибгарлик бўйича жиноий иш юзасидан тергов давом этмоқда. Шунингдек, Жин маблағларнинг бир қисмини қайтариш талаби билан фуқаролик даъвосини ҳам киритган.
Ҳуқуқшунослар пулни қайтариш эҳтимоли жуда камлиги ҳақида огоҳлантирмоқда. Гап шундаки, барча шартномалар ихтиёрий равишда имзоланган ва уларда абонементларнинг бошқаларга берилмаслиги ҳамда қайтарилмаслиги аниқ кўрсатилган.
Бундан аввал АҚШда ўзини Худонинг элчиси деб таништирган фирибгарлар 91 ёшли эркакни 60 млн долларга чув туширгани хабар қилинганди.
Изоҳ (0)