Россияга ўта оғир жиноятлар учун судланган мигрантларнинг кириши умрбодга тақиқланиши мумкин. Тегишли қонун лойиҳаси “Адолатли Россия — ҳақиқат учун” фракцияси депутатлари томонидан тайёрланди. Бу ҳақда “РИА Новости” хабар берди.

Лойиҳа муаллифи фракция раҳбари Сергей Миронов ҳисобланади. Қонун лойиҳаси 4 август куни Давлат Думасига кўриб чиқиш учун киритилади.
Россияга киришни умрбодга тақиқлаш миллий хавфсизлик, жамоат тартиби ва Россия фуқаролари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш чораларини кучайтиришга қаратилган, дейилади лойиҳага илова қилинган тушунтириш хатида.
Мироновнинг таъкидлашича, қонун лойиҳаси Россия ҳудудида ўта оғир жиноятларни такроран содир этиш хавфини сезиларли даражада камайтиради. У лойиҳанинг қабул қилиниши “Россия фуқаролари учун хавф туғдирувчи потенциал жиноятчилар — муҳожирларнинг киришига қарши ишончли ҳуқуқий тўсиқ” яратишини айтди.
Кириш тақиқи судланганлик олиб ташланиши ёки олиб ташланмаганидан қатъи назар амал қилиши керак, деди парламент Миронов.
Изоҳ (0)