Франциянинг “Марсель” клуби сафида ҳаракат қилаётган англиялик ҳужумчи Мэйсон Гринвуд фаолиятини Саудия Арабистони чемпионатида давом эттириши мумкин. Fichajes нашрининг хабар беришича, “Ал-Аҳли”, “Ал-Ҳилол” ва “Неом” клублари 23 ёшли футболчи учун 80 миллион евролик таклиф тайёрламоқда.

Маълумотларга кўра, Гринвуднинг собиқ клуби — “Манчестер Юнайтед” футболчининг кейинги трансферидан 50 фоизлик бонусга эга бўлади. Яъни, агар Гринвуд Саудия клубларидан бирига сотилса, “қизил иблислар” тахминан 40 миллион евро ишлаб олади.
Шунингдек, “Марсель” ҳам футболчининг навбатдаги трансферидан 20 фоизлик улушни ўзида сақлаб қолмоқчи. Бу, замонавий трансфер сиёсатида кенг қўлланилаётган усуллардан бири бўлиб, клуб футболчи билан хайрлашганидан сўнг ҳам ундан фойда олишда давом этишини англатади.
Яқин кунларда Мэйсон Гринвуд ўз келажаги борасида қарор қабул қилиши кутилмоқда. Унинг олдида икки йўл турибди: катта маош эвазига Саудия Арабистонига кўчиб ўтиш ёки Европада қолиб, топ-даражадаги футболчи сифатида ўзини намоён этиш.
Маълумот учун, Гринвуд ўтган мавсум “Марсель” сафида жами 36 та ўйинда майдонга тушиб, ўз ҳисобига 22 та гол ва 6 та голли узатма ёздириб қўйган. Transfermarkt портали унинг қийматини 40 миллион еврога баҳоламоқда.
Изоҳ (0)