Хонанда Зоҳида Умарова YouTube’даги “Daryo lifestayle” каналига берган интервьюсида “Овоз 50+” лойиҳасидаги иштироки ва уни қудаси Маданият вазири Озодбек Назарбековнинг бунга муносабати ҳақида гапирди.
“Қизимга ўлим тилашди”
-LS2IQQMx.avif)
— Кенжа қизим Мадлен ҳам “Овоз” лойиҳасида қатнашганди. Тўғри у ёш, балки камчиликларга йўл қўйгандир. Аммо уни ҳақорат қилганлар, ҳатто ўлим тилаган инсонлар ҳам бўлди. Бу она сифатида менга жуда оғир ботди. Ўзимни умр бўйи гапиришсин, ҳақорат қилишсин, аммо фарзандларимга тош отишмасин. Судлашиб ҳақлигимни исботламайман, шунчаки қўшиқчи она бўлиб қизимни ҳимоя қиламан, деган умидда “Овоз 50+” лойиҳасида иштирок этдим. Аммо қизимдан ҳам кўпроқ ўзим негативлар бўронига учрадим, дейди Зоҳида Умарова.
“Озодбек Назарбеков менга ким бўлади?”
— “Вазир билан қуда бўлганингиз учун ҳакамлар ҳайъати сизнинг иштирокингизни юқори баҳолашди”, деган гаплар ҳам бўлди. Бир нарсани айтиб ўтай, мен на лойиҳа бошланишида, на якунида Озодбек Назарбеков билан гаплашдим. У Ёрқинхўжа Умаровнинг қайнотаси, менга ким бўлади? У ҳам санъаткор, мен ҳам санъат вакилиман. Ўртадаги тафовут шундаки, у мендан 5-10 йилдан кейин катта саҳнага чиққан санъаткор. Мен Озодбек Назарбековни ҳали халқ танимасидан аввал “Юрт қадри” қўшиғим билан тингловчиларга танилиб улгургандим. Озодбек Назарбековга эҳтиёжим йўқ, ҳеч қачон ундан бирор лойиҳада иштирок этиш ҳақида сўрамайман. Чунки менинг номусим, орим бор. Кейин яна бир гап, мен Озодбек Назарбековга қиз узатмаганман, агар шундай бўлганида ундан ниманидир сўрашим мумкин эди. Шукрки, ўғлим Ёрқинхўжа эркак киши ҳеч қачон унинг ориятини ерга уриб, ёрдам сўрамайман, дейди Зоҳида Умарова.
“Юрагимдаги ‘олов’ни 30 йил юрагимга кўмиб яшадим”
-UvH-m6W6.avif)
— Мен салкам 30 йилдан кейин яна саҳнага қайтдим. Шунча йил давомида улкан лавани юрагимга кўмиб яшадим. Сабаби, аёл санъаткорга жуда қийин, у кўп машаққатларни енгиб ўтиши керак. Катта фарзандларим кетма-кет дунёга келишган. Деярли иккита чақалоқни бир вақтда катта қилганман. Турмуш ўртоғимнинг ўлимидан кейин рўзғорнинг оғирлиги елкамга тушган. Мен ўзим учун вақт ажратолмаганман. Аммо бир дақиқа ҳам санъатдан кетган инсон эмасман. Юрагимда ҳамиша “Мен санъатга қайтаман ва яна қўшиқ куйлайман”, деган мақсад яшаган. Мени саҳнада кўрган инсонлар ғазабланишмасин, шунчаки шу аёл ҳам 30 йиллик мақсадларини амалга оширяпти деб қарашсин, дейди Зоҳида Умарова.
“Қайси санъаткор жарақ-жарақ пул топади?”
— Сабабини билмайман, аммо санъаткорларни кўп пул топади, деб ўйлашади. Шу савол мени кўп ўйлантиради, қайси санъаткор жарақ-жарақ пул топади? Тўғри, тадбиркорлиги ёки қўшимча бизнеслари бор санъаткорларнинг моддий яшаши яхшидир. Аммо фақат санъатнинг ортидан кун кўрадиган ва ўз кучи билан саҳнага чиққан хонандаларда ундай эмас. Масалан, ўғлим Ёрқинхўжа Умаров битта ҳовлини қургунича 4 йил сарфлади. Тўйга боради, топганини олиб келади. Тезроқ уйни қуриб, ўғлимни уйлантирай деб мен ҳаракат қиламан. Яна бир гап, санъаткор севимли бўлиш учун йиллар сарфлайди, баъзан умрини кетказиб ҳам севимли бўлолмаган санъаткорлар бор, дейди Зоҳида Умарова.
“Келинига ён босадиган қайнонаман”
— Ўғлим билан келинимнинг муносабатларига аралашмасликка ва ҳамиша бетараф бўлишга ҳаракат қиламан. Келиним жуда ёш, болаларча беғубор. Баъзи вазиятларда эса унинг ёнини олишимга ҳам тўғри келади. Чунки ўзим ҳам бир пайтлар ёш бўлганман ва атрофимдаги инсонларнинг қўллаб-қувватлашига эҳтиёж сезганман. Ўйлайманки, қайноналар қизлари ҳам кимнингдир қўлида эканлигини, келин эса бошқа бир инсоннинг суюкли фарзанди эканлигини ўйлаб иш тутишса, ҳеч қандай оилавий муаммолар юзага келмайди. Чунки, кўп нарса қайнонага боғлиқ. Келинимдан ҳамиша ризоман, ёш бўлса-да, рўзғорни уддалайди, унга жуда яхши тарбия беришган. Пиширган ҳар нарсасини менга илинади, дейди Зоҳида Умарова.
Суҳбатни тўлиқ ҳолда қуйида томоша қилишингиз мумкин.
Изоҳ (0)