Ўзбекистонда камбағал оила аъзоси бўлган хотин-қизларга уй-жой таъмири учун БҲМнинг 50 бараваригача миқдорида пул ажратилади.

Бу ҳақда Вазирлар Маҳкамасининг 26 июлдан кучга кирган “Аёллар дафтари”, “Ёшлар дафтари” ва “Саховат ва кўмак” жамғармалари маблағлари ҳисобидан ижтимоий ёрдам кўрсатиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида белгиланди. Қарор билан “Хотин-қизлар муаммоларини ўрганиш ва ҳал этиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ҳукумат қарорига бир қатор ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.
Унга кўра, камбағал оила аъзоси бўлган хотин-қизларнинг ҳамда ойлик даромади оила аъзоларининг ҳар бирига минимал истеъмол харажатлари миқдорининг 2 бараваригача бўлган оилаларнинг уй-жойи ҳолати секторлар ишчи гуруҳлари томонидан тегишли мутахассислар жалб қилинган ҳолда ўрганилади ва нуқсон далолатномаси ҳамда таъмирлаш ёки қурилиш материалларини олиб бериш бўйича смета ишлаб чиқилади.
Ҳар бир уй-жойни таъмирлаш учун зарур бўлган қурилиш материалларини харид қилиш учун тегишли товарларни (хизмат ва ишларни) етказиб берувчиларга шартномага мувофиқ “Аёллар дафтари” жамғармаси ҳисобидан БҲМнинг 50 бараваригача миқдорида ўтказиб берилади. 1 августдан БҲМ 412 минг сўмни ташкил этиши ҳисобга олинса, бу миқдор 20,6 млн сўм бўлади.
Секторлар раҳбарлари туманлар (шаҳарлар) қурилиш бўлимлари билан биргаликда маблағ ажратилган вақтдан бошлаб таъмирлаш ишлари сифатли бажарилишини ташкил этади ва назорат қилади.
Шунингдек, камбағал оила аъзоси бўлган хотин-қизларга “Аёллар дафтари” жамғармаси маблағлари ҳисобидан турар жой ижараси учун тўловларнинг 50 фоизи, лекин кўпи билан БҲМнинг 2 бараваригача, Тошкент, Нукус шаҳри ва вилоятлар марказларида БҲМнинг 3 бараваригача миқдорда қоплаб берилади.
Президентнинг “Аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш тизимини молиялаштириш тартиб-таомилларини такомиллаштириш тўғрисидаги фармони билан 2025 йил 1 апрелдан бошлаб “Аёллар дафтари”, “Ёшлар дафтари” ҳамда “Саховат ва кўмак” жамғармалари орқали кўрсатиладиган ижтимоий ёрдамлар ёрдамлар Камбағал оилалар реестрига киритилган оилаларга, уй-жой шароитларини яхшилаш ва соғлиқни сақлаш бўйича ижтимоий ёрдамлар эса — ойлик даромади оила аъзоларининг ҳар бирига минимал истеъмол харажатлари миқдорининг 2 бараваридан кўп бўлмаган оилаларга ҳам тақдим этилиши белгиланганди.
Изоҳ (0)