Грузияда 25 июль куни НАТОга аъзо 7 та давлат ҳарбийлари иштирокида Agile Spirit номли ҳарбий машғулотлар бошланди. Расмий очилиш маросими Тбилисига яқин жойлашган НАТО-Грузия қўшма тайёрлов ва баҳолаш марказида бўлиб ўтди. Бу ҳақда Deutsche Welle хабар берди.

Машғулотларда НАТО давлатларидан ташқари Грузия, Украина ва Молдова аскарлари ҳам иштирок этмоқда. Умумий ҳисобда 2 мингдан ортиқ ҳарбий жалб қилинган.
Машғулотлар доирасида дала шароитида ўқув машқлари, отишма ва махсус кучлар иштирокида амалий ҳаракатлар ўтказилиши режалаштирилган. Шунингдек, машғулотларнинг бир қисми Туркияда ҳам бўлиб ўтади. Бу ҳарбий тайёрларлик 8 августга қадар давом этади.
Грузия Мудофаа вазирлиги маълумотига кўра, Agile Spirit машғулотларининг асосий мақсади — иштирокчи давлатлар армиясининг жанговар тайёргарлигини ошириш, ҳамкорлик ва тезкор ҳаракатлар бўйича тажриба алмашишдир.
НАТО ва Европа Иттифоқи Қора денгиз минтақасида Россиянинг таъсирига қарши ҳаракат сифатида ўз иштирокини кучайтиришга интилмоқда. Маълумки, Россия 2008 йилда Грузияга бостириб кирган ва ҳозирда мамлакат ҳудудининг 20 фоизи россияликлар назорати остида.
Грузия 2008 йилдан бери НАТОга аъзоликни даъво қилиб келади. У, шунингдек, ЕИ аъзолигига номзод сифатида ҳам тан олинган. Бироқ Грузияда сўнгги пайтларда қабул қилинган баъзи зиддиятли қонунлар, хусусан “хорижий агентлар” тўғрисидаги қонун, ЕИ билан интеграцияни секинлаштирмоқда.
Изоҳ (0)