Мадриднинг “Реал” клуби бразилиялик ҳужумчи Винисиус Жуниор келажаги борасида ҳали аниқ қарорга келмаган. Клуб ва футболчи ўртасида янги шартнома бўйича музокаралар мураккаб кечмоқда. СER Deportivos нашрининг хабарига кўра, “қироллик клуби” Винисиуснинг молиявий талабларини қондиришни истамаяпти ва унга Килиан Мбаппе даражасида маош таклиф қилиш режасида эмас.

Ҳозирда “Реал Мадрид”даги энг юқори маош Мбаппега тўланади — йилига 31 миллион евро. Винисиус эса ҳозирда 20 миллион евро маош олмоқда ва шу боис маошини оширишни хоҳламоқда. Клуб эса унга бу даражада катта маош бериш ниятида эмас. Маълумотларга кўра, раҳбарият футболчига бир йил муддат берган: шу давр мобайнида у ўз ўйинини янада ривожлантириши лозим, акс ҳолда футболчини трансферга қўйиш масаласи кўриб чиқилади.
Аввалроқ, Винисиусни Саудия Арабистонининг “Ал-Ҳилол” клуби 200 миллион евро эвазига сотиб олишни истаётгани ҳақида хабарлар тарқалган эди. Шунингдек, “Ливерпуль” ҳам унга қизиқаётган клублардан бири сифатида тилга олинмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Винисиус Жуниорнинг “Реал Мадрид” билан амалдаги шартномаси 2027 йил ёзигача амал қилади. У ўтган мавсумда жамоа сафида 58 та ўйинда майдонга тушиб, 22 та гол ва 19 та голли узатма муаллифига айланди. Transfermarkt портали футболчининг қийматини 170 миллион евро этиб белгилаган.
Изоҳ (0)