“Толибон” томонидан 5 ой олдин ҳибсга олинган британиялик эр-хотин қамоқда ўлиши мумкин. Уларнинг ўғли ота-онаси тақдиридан хавотирда эканини билдирди. Бу ҳақда BBC хабар берди.

80 ёшли Питер Рейнолдс ва 76 ёшли Барби 1 февраль куни Бомиён вилоятидаги уйларига қайтаётганида ҳибсга олинган. Уларнинг ўғли Жонатан Рейнолдсга кўра, ота-онасининг соғлиғи ёмонлашмоқда. Жумладан, отаси жиддий тутқаноқлардан азият чекмоқда, онаси эса камқонлик ва тўйиб овқатланмаслик туфайли жисмонан ҳолсизланган.
Уларнинг нима сабабдан ҳибсга олингани аниқ эмас. Аммо февраль ойида “Толибон” расмийси уларни “имкон қадар тезроқ” озод қилиш режалаштирилганини айтганди. БМТга кўра, агар ҳибсдагиларга зудлик билан тиббий ёрдам кўрсатилмаса, улар “хўрловчи шароитларда” ҳалок бўлиши мумкин. Ташкилот эр-хотиннинг ҳибсга олинишини “инсонийликка зид” деб баҳолаган.
Рейнолдснинг таъкидлашича, судья ота-онасини “айбсиз деб топган” ва уларга ҳеч қандай айблов қўйилмаган. Шунга қарамай жабрланувчилар юқори хавфсизлик чораларига эга қамоқхонада сақланмоқда.
Отам қотиллар ва жиноятчиларга занжирбанд ҳолда сақланган. Улар бир вақтлар олти ҳафта давомида ертўлада қуёш нури кўрмаган ҳолда, ташқарига чиқарилмасдан ушлаб турилган, деди у.
Эр-хотин 15 июнда фарзандлари билан сўнгги марта боғланганларида “соғлиқлари ёмонлашгани” маълум бўлган.
Айниқса, отамнинг аҳволи тез ёмонлашмоқда. Ҳозир унда Паркинсон касаллигининг дастлабки белгилари пайдо бўлгандай — танасининг ўнг томони, қўллари ва юзида титроқ ҳамда қалтираш бор, деди у.
Ҳатто бир сафар у қамоқхонада ярим соат давомида тутқаноқ ҳолатида бўлган. Жонатан ота-онасининг ҳозирда қаерда сақланаётганини билмаслигини айтган.
Ҳар ҳафта бизга яна икки-уч кун кутинг дейишади, аммо ота-онам ҳануз қамоқда қолмоқда, деган у.
Эр-хотин қамоқда туғилган кунларини ўтказган, яқинда эса 55 йиллик турмуш қурганлик юбилейларини нишонлайди.
Уларнинг ҳеч бўлмаганда бирга бўлгани учун миннатдорман, лекин улар мутлақо эркин эмас, дейди Жонатан.
Изоҳ (0)