Россия собиқ бош санитария шифокори Геннадий Онишенко мигрантларни мамлакатга киришдан олдин текшириш ва эмлашга чақирди.

Унга кўра, агар Россияга хорижий мутахассислар зарур бўлса, уларнинг мамлакатда қолиши аниқ шартлар асосида тартибга солиниши керак. У ҳозирда “мигрантлар олиб кирган” менингококк инфекцияси тарқалиши юзасидан муҳокамалар олиб борилаётганини айтди.
Кечирасиз-у, нимага қўл қовуштириб ўтирибсиз? Муҳожирларсиз яшай олмаймиз. Москвада уларсиз бир кун ҳам ўтказиб кўринг-чи! Мен эрталаб соат бешда сайрга чиқсам, икки тожик ҳовлини супураётган бўлади — улар катта ва савобли иш қилади. Бизда ҳеч ким фаррош бўлиб ишлашни хоҳламайди. Агар мигрантларни жалб қилсак, уларга шартлар қўйишимиз керак, деди у.
Онишенконинг айтишича, Россияга меҳнат муҳожирларини олиб киришда, аввалгидек, уларнинг мамлакатлари билан эмлаш ва тиббий кўрик бўйича шартномалар тузиш керак. Мисол тариқасида у дунёда ОИТС тарқалган йилларни келтирди.
Ўшанда биз давлатлар билан шартномалар тузиб, уларнинг фуқаролари бизга текширувдан ўтиб келиши шартлигини айтгандик. Баъзи давлатларга ишониб уларнинг ҳужжатларини тан олдик. Айримларини эса ўзимиз текширдик. Ҳозир миграция хизматини тартибга солиш керак. Зарур бўлса, эмлаш шарт! Тожикистон ва Ўзбекистон бу борадаги ҳамкорликдан ҳеч қачон воз кечмаган, деб таъкидлади у.
2024 йилда Россияга турли давлатлардан қарийб 6,3 миллион мигрант келган. Улардан 23,3 фоизини Ўзбекистон фуқаролари ташкил қилган бўлиб, бу деярли 1,5 миллион кишига тенг. Шунингдек, мигрантларнинг 16,7 фоизини Тожикистон, 10,4 фоизини Қирғизистон, 9,5 фоизини эса Беларусь фуқаролари ташкил этган.
Изоҳ (0)