Сурия ҳукумати мудофаа қобилиятини мустаҳкамлаш ва терроризмга, жумладан, ИШИД гуруҳига қарши курашда Туркиядан ёрдам сўради. Бу ҳақда TRT Haber телеканали Туркия Мудофаа вазирлигидаги манбаларга таяниб хабар берди.

“Сурия маъмурияти мудофаа қобилиятини мустаҳкамлаш ва ИШИД бошчилигидаги террорчилик ташкилотларига қарши кураш доирасида Туркиядан расмий ёрдам сўради. Биз, Суриянинг мудофаа қобилиятини мустаҳкамлаш бўйича саъй-ҳаракатларимизни давом эттирмоқдамиз”, дея таъкидлаган манбалар.
Ҳарбий идора Туркиянинг қўшни давлат яхлитлигини ҳимоя қилишини таъкидлаган.
“Туркия Суриянинг ҳудудий яхлитлигини ҳимоя қилиш, унда барқарорликни таъминлаш ва террорчилик ташкилотларига қарши курашиш масалаларида қатъий позициясини сақлаб қолмоқда”, дейилади Мудофаа вазирлиги баёнотида.
Туркия ташқи ишлар вазири Ҳакан Фидан аввалроқ мамлакатининг Сурияни беқарорлаштириш ва парчалаш режаларини амалга оширишга йўл қўймаслигини айтган.
13 июль куни Сувайда вилоятида араб қабилаларидан бўлган кўнгиллилар ва тоғлик друзларнинг ўзини ўзи мудофаа қилиш кучлари ўртасида тўқнашувлар содир бўлди. 15 июль куни Сурия ИИВ ва Мудофаа вазирлиги махсус бўлинмалари вилоятнинг шу номдаги маъмурий марказига кириб, вазиятни барқарорлаштириш мақсадида уни тозалашни бошлади. Кўп ўтмай Исроил Сурия қуролли кучлари колонналарига зарба бера бошлади ва буни друз аҳолисини ҳимоя қилиш истаги билан изоҳлади, 16 июль куни эса Дамашқдаги бир нечта стратегик объектларни ўққа тутди.
Сурия президенти Аҳмад аш-Шаръа 19 июль куни халқаро воситачилар иштирокида ишлаб чиқилган тинчлик режасига мувофиқ, жанубий Сувайда вилоятида ўт очишни тўхтатиш режими жорий этилишини эълон қилган. АҚШнинг Сурия бўйича махсус вакили Том Баррак эртаси куни араб республикаси ва Исроил ўртасидаги сулҳ кучга кирганини маълум қилди.
Изоҳ (0)