Жорий йил I ярмида мамлакатдаги нақд пул айланмаси ҳажми 2024 йил мос даврига нисбатан 23 фоизга ошди. Бу ҳақда 23 июль куни Марказий банк хабар берди.

2025 йил январь–июнь ойларида банклар орқали нақд пул айланмаси ҳажми 563 трлн сўмни ташкил этган. Бунда нақд пул тушумлари 277 трлн сўм, берилган нақд пуллар 286 трлн сўмга етган.
Нақд пуллар тушумининг таркибий тузилиши турлича бўлган. Хусусан, маблағларнинг 37 фоизи банк хизматларидан, 33 фоизи товарларни сотишдан келиб тушган. Шу билан бирга, 13 фоиз нақдликлар пулли хизматлардан тушум қилинган.
Биринчи ярим йилликда банк карталарига жами 676 трлн сўм кирим қилинган. Бу миқдор 2024 йил мос давридагидан 1,4 баробарга кўп.

Олти ой ичида банк карталаридаги 129 трлн сўм пуллар нақдлаштириб олинган. Умумий ҳисобда банк карталарига келиб тушган пулларнинг 19 фоизи нақдлаштирилган. Мазкур рақам 2024 йил мос даврида 23 фоизни ташкил этган.
“Мавсумий омиллар таъсирида нақд пулга бўлган талабнинг ортиши натижасида банкларга тушган нақд пулларнинг уларга бўлган талаб ўртасидаги фарқ Марказий банк томонидан муомалага қўшимча нақд пулларни чиқариш орқали таъминлаб борилди”, дея маълум қилган манба.
Ярим йил давомида Марказий банк муомалага қўшимча 5,2 трлн сўм нақд пул чиқарган.
2025 йил 1 июль ҳолатига кўра, умумий пул массасидаги нақд пулларнинг улуши 18,9 фоизни ташкил этган. Бу бир йил аввалгидан 2,2 фоизга кам.
Аввалроқ жорий йил 1 июлида Ўзбекистондаги пул массаси 312,5 трлн сўмга етган хабар қилинганди. Мазкур миқдор республика иқтисодий тарихида биринчи марта қайд этилган энг юқори кўрсаткичдир. Шундан 59,1 трлн сўми муомалада бўлган нақд пуллар ҳисобланади.
Изоҳ (0)