Хитойнинг Air China авиакомпанияси Урумчи ва Тошкент ўртасида тўғридан-тўғри рейсларни йўлга қўйди, деб хабар бермоқда Uzbekistan Airports матбуот хизмати.
-6-HTpwYx.avif)
Қайд этилишича, авиакомпания 19 июлда Пекин—Тошкент—Пекин рейслари муваффақиятли йўлга қўйилгандан сўнг, Урумчи—Тошкент—Урумчи йўналишида янги тўғридан-тўғри рейс очиш орқали Ўзбекистондаги йўналишлар тармоғини кенгайтиришда давом этмоқда.
22 июль куни соат 12:50 да ушбу йўналиш бўйича биринчи рейс Тошкент халқаро аэропортига келиб қўнди. Boeing-737 самолётида етиб келган экипаж ва йўловчилар анъанага кўра сув аркаси, гуллар ва байрамона муҳитда билан кутиб олинди.
-YXzdJJgW.avif)
-NrGFRGsY.avif)
“Урумчи ва Тошкент ўртасидаги авиақатновнинг очилиши Хитой ва Ўзбекистон ўртасидаги авиация ҳамкорлигини мустаҳкамлаш йўлидаги навбатдаги қадамдир. Ишончимиз комилки, бу йўналиш бизнес ва сайёҳлик алоқаларини кенгайтиришга ҳисса қўшади. Йўловчиларга ишончли, қулай ва замонавий ҳаво қатновини тақдим этиш биз учун жуда муҳим”, деган авиакомпания вакили.
Air China авиакомпаниясининг Урумчи—Тошкент—Урумчи йўналиши бўйича парвозлари ҳафтада уч марта — сешанба, жума ва якшанба кунлари амалга оширилади.

Air China — Хитойдаги энг йирик авиакомпаниялардан бири бўлиб, 1988 йилда ташкил этилган. Компания дунёнинг 200 га яқин шаҳарига рейсларни амалга оширади. Унинг ҳаво кемалари паркида 500 дан ортиқ самолёт бор. Ушбу авиакомпанияга июль ойининг бошларида Ўзбекистонга мунтазам авиақатновларни амалга ошириш учун рухсатнома берилганди.

2024 йил июнида Ўзбекистон ва Хитой авиация ҳукуматлари ўртасида ҳаво қатнови тўғрисидаги икки томонлама ҳукуматлараро битимга ўзгартиришлар киритиш, икки давлат ўртасида амалга оширилаётган авиақатновлар сонини кескин ошириш, янги ҳаво йўлакларини очиш масалалари муҳокама қилинганди.
Ўзбекистон томонидан битимдаги авиакомпаниялар сонига ва парвоз манзилларига қўйилган чекловларни олиб ташлаш, амалдаги авиақатновлар сонини ҳар бир томондан ҳафтасига 50 тадан жами 100 тага ошириш, парвозлар географиясини кенгайтириш ҳамда янги ҳаво йўлакларини очиш таклиф этилганди. Музокаралар натижасига кўра икки давлат авиация маъмуриятлари ўртасида тегишли ҳужжат имзоланганди.
Изоҳ (0)