АҚШ президенти Донлад Трамп Бағрамдаги авиабаза Хитой назорати остида эканини айтганди. Афғонистон ташқи ишлар вазири вазифасини бажарувчи Амир Хон Муттақий бу даъвони рад этди. Бу ҳақда TOLOnews хабар берди.

Муттақий мазкур даъволар “ҳақиқатдан йироқ” эканини маълум қилди. У Афғонистон мамлакатда ҳар қандай хорижий ҳарбийларнинг бўлишига қатъий қарши эканини билдирди.
Афғонистон ва афғон халқи ҳатто бир қарич ерда ҳам хорижий ҳарбийлар бўлишини қабул қилмайди. Президент Трамп бу хабарни эшитиши керак. Бошқа давлатлар ҳам тушуниб етишлари керакки, биз олиб бораётган алоқалар фақат сиёсий ва иқтисодий йўналишда, деди сиёсатчи.
У ҳеч бир давлат билан ҳарбий алоқалар олиб борилмаганини ва келгусида бундай алоқалар ўрнатмаслигини айтди. Сиёсатчи Афғонистон ҳукумати халқаро ҳамжамият билан сиёсий, иқтисодий ва дипломатик алоқаларга содиқлигини таъкидлади. Мутаққий Россиянинг Ислом Амирлигини тан олганини эслатиб ўтди. Шунингдек, бошқа мамлакатларни, айниқса минтақа давлатларини вақтинчалик ҳукуматни расман тан олишга чақирди.
Биз барча давлатларга, айниқса минтақадаги давлатларга эслатамиз: ўтган уч йил давомида биз ижобий ҳамкорлик олиб бордик, ютуқларга эришдик, дипломатик алоқаларни сақладик ва муносабатларда ҳеч қандай муаммо юзага келмади. Шунинг учун ҳамма бу жараённи давом эттириши ва бошқалар учун ҳам йўл очилиши лозим, деди у.
Унинг баёнотлари президент Дональд Трампнинг Бағрам авиабазасида Хитой кучлари борлигидан хавотир билдиргани фонида янграмоқда.
Мен Бағрамни — бу дунёдаги энг қудратли учиш-қўниш йўлакларига эга бўлган йирик ҳарбий базани сақлаб қолган бўлардим. Ҳозир эса у Хитой назоратида, деган эди АҚШ президенти.
Бундан ташқари, Муттақий Халқаро жиноий суд (ХЖС) томонидан “Толибон” етакчиси ва Олий суд раисига нисбатан чиқарилган ҳибсга олиш ордерини қоралади. Унга кўра, ҳукумат ХЖС олдида ҳеч қандай мажбуриятга эга эмас ва суд қарорлари Афғонистон ҳудудида амал қилмайди.
Изоҳ (0)