Актриса ва дизайнер Шаҳзода Муҳаммедова ҳаёти, оналик ҳамда турмушдаги синовлар ҳақида гапириб берди.

Охирги вақтларда фақат она бўлиб қолдим. Икки нафар фарзанд билан ҳаёт осон эмас экан. 3–4 нафар фарзанди бор аёллар қандай уддалайди, ҳайрон қоламан. Оналик масъулияти ҳаётимнинг ярмидан кўпини эгаллаб туради, дейди актриса
Турмушидаги синовлар ҳақида эса актриса қуйидагича сўз юритди.
Турмушимизнинг дастлабки йиллари осон кечмаган. Ўзбекистонга келганимизда уйсиз эдик, ижарада яшаганмиз. Аввалига бир хонали, кейинчалик икки, сўнг уч хонали уйга ўтганмиз. Шундай қилиб аста-секин ўсиб бордик. Турмуш ўртоғимни ҳаётда икки марта кўриб, турмушга чиққанман. Биринчи суҳбатдаёқ қандай инсонлигини сезганман. “Менга турмушга чиқмасдан, кейин афсусланиб қолманг” деганларида, ичимда ҳақиқатда афсуслансам-чи? деган хавотир бўлган ва рози бўлганман, дейди актриса.
Шаҳзода оилавий ҳаётда ўзаро ишонч ва сабр муҳимлигини ҳам таъкидлади.
Эримга “мени сенсираб гапирманг” деганман. Мен учун эркак аёлга ҳурмат билан сизлаб мурожаат қилиши керак. Агар бир оз жаҳл билан, баландроқ овозда “сен” деб гапирса, бу менга ёқмайди, оғир эшитилади. Аксинча, шундай вазиятда ҳам “сиз” деб гапирса, гап қаттиқ бўлса ҳам енгилроқ қабул қилинади. Шу сабабли ундан доимо сизлаб гапиришини сўраганман, дейди актриса.
Турмушдаги келишмовчиликлар
Шаҳзода Муҳаммедова турмушининг илк йилларида фақат ҳиссий эмас, молиявий жиҳатдан ҳам синовли даврлар бўлганини яширмайди. Унинг айтишича, турмуш ўртоғи билан баъзида қарорлар борасида келишмовчиликлар ҳам бўлган.
Бошланишида биз ҳам кўп келишолмаган пайтларимиз бўлган. Мени ҳам ўз орзу-ҳавасларим бўлган, лекин сабр қилганман. Турмуш ўртоғимга нисбатан ишончим баланд эди. Топган даромадимизни битта сейфга йиғардик. Бир куни турмуш ўртоғим “бу пулни бизнесга тикмоқчиман”, деди. Ўшанда топган пулимга ичим ачиган “йўқ, мен розимасман, ҳали уйимиз йўқ, иш ўхшамасачи” деб хавотир олганман. Турмуш ўртоғим “Сиз менга ишонмаяпсизми? Мен етти ўлчаб, бир кесадиган одамман”, деб айтган. Кейин мен майли олинг деб пулни берганман, дейди у.
Афсуски, актриса бу бизнес ўхшамаганини ҳам таъкидлади.
Шаҳзода Муҳаммедова турмуш ўртоғи билан бошидан осон йўл босиб ўтмаганини очиқ тан олади. Уларнинг ҳаётида сабр билан қурилган оила ҳикояси мавжуд.
Бир умр Москвада қолиб кетаманми, деб роса йиғлаганман. Ватан соғинчи билан депрессияга тушганман. Кейин турмуш ўртоғим “Майли, Ўзбекистонга қайтамиз, лекин кўчишимиз биланоқ ишим юришиб кетмаслиги мумкин, юзимга солмайсизми?”, деган. Мен эса “йўқ, сабр қиламан”, деб далда берганман, ҳар доим қўллаб қувватлаганман, дейди у.
Шу даврда турмуш ўртоғи Шаҳзоданинг ҳолатини кўриб, Ўзбекистонга қайтишга қарор қилган.
Шаҳзода айтишича, турмуш ўртоғи оддий лавозимдан бошлаб, аста-секин ўзини кўрсатган ва ҳозирда масъулиятли раҳбарлик даражасига етган.
Ҳар доим бир-биримизни тўлдириб яшаганмиз. Бизга осон бўлмаган, лекин сабр, қўллаб-қувватлаш ва ишонч орқали ҳозирги ҳолатимизга етдик, дейди Шаҳзода Муҳаммедова.
Шунингдек, у аёл ва эркак ўртасидаги мувозанат ҳақида ҳам ўз фикрини билдириб ўтди.
Баъзида оилада аёл кучлироқ бўлса, у бошчиликни қўлига олади. Бувим ҳам шунақа бўлган — бувамдан кўра билимли ва меҳнатсевар эди. Бу каби ҳолатларда эркак ва аёл роли алмашиб қолгандек бўлади, бу эса тушунмовчиликларга сабаб бўлади, дейди дизайнер.
Кўпчилик Шаҳзода Муҳаммедовани аввало актриса сифатида таниса-да, у ижодий фаолиятини аслида дизайнерликдан бошлаган. Унга дастлаб бувиси ишхонасининг икки қаватини ишониб топширган. Шаҳзода фақат икки дона тикув машинаси билан кичик ательесини йўлга қўйган ва мижозлари аста-секин кўпайган. Кейинчалик машиналар сони ҳам ортиб борган. У ишини оддийлик ва кичик қадамлар билан бошлаганини таъкидлайди.
Шогирдлар — фахр ва илҳом манбаи
Шаҳзода Муҳаммедова нафақат санъаткор, балки тажрибали устоз сифатида ҳам фаол. У 17 йилдан бери ёш дизайнерларни тайёрлаб келмоқда. Бу йиллар давомида минглаб шогирдлар унинг қўл остида билим олиб, ўз йўлини топган.
Дизайнерлик фаолияти ҳақида гапирар экан, Шаҳзода ўз шогирдлари ҳақида фахр билан тўхталди:
Шогирдларим ҳозирда хорижда — Милан, Парижда мода намойишларида қатнашяпти, миллий матоларимизни дунёга танитяпти. Бу мен учун катта фахр.
17 йилдан бери ўқитаман. Бу вақт ичида минглаб шогирдларим бўлган. Албатта, уларнинг ҳаммаси шу йўналишда қолмаган. Баъзиларининг ота-онаси мажбурлаб юборган, аммо ҳақиқий қизиқиш билан келган ёшлар ҳам кўп. Орзуси дизайнерлик бўлганлар бугун ўз йўлини топган.

Шогирдларим орасида ҳар хил ёшлар бўлган. Баъзиларини ота-оналари мажбурлаб олиб келган, лекин орасида болалигидан дизайнер бўлишни орзу қилиб, бу соҳага қизиқиб келганлар ҳам бор. Мен учун энг катта мукофот — бу соҳага чин дилдан ошно бўлган ёшларнинг ютуқларини кўриш, дейди дизайнер Шаҳзода Муҳаммедова.
Аёлнинг сабри ва ишончи оилани бир бутун сақлайди
У ўз муносабатларидаги мураккабликларни, эркак ва аёл ўртасидаги кучлар мувозанати ҳақида тўхталди.
Сен ишлаб ўзингдан кетиб қолдингми, бўлди ишхонангни ёпасан, деган гап бўлган. Европада ҳам шунақа ҳолатлар бўлади менимча. Аёл ишлаётгани учун, уйни тўловларига ёрдам бергани учун тили узун бўлиб қолди деб ўйларкан эркак. Шунақа вақтларда мен оғир босиқ бўлганман. Турмуш ўртоғимга далда бериб уларни доим қўллаб қувватлаганман. Сиз Ўзбекистондаги энг зўр қурувчилардан бўласиз деганман. Кичик бир ютуғига ҳам чин дилдан қувониб, “вау” деб эмоция билан фикр билдирганман, дейди дизайнер.
Шаҳзода айрим пайтларда муносабатлар борасида иккиланишлар бўлганини яширмади.
Баъзида ажрашиб кетмасмиканмиз, нотўғри инсонни танлаб қўймадиммикан деган хаёл ўтган. Янги турмуш қурган вақтимиз Москвада алоҳида яшаганмиз. Турмуш ўртоғим қайнонани ҳам, қайнотани ҳам ўрнини босадиган инсон, жуда қаттиқ, характери оғир, дейди у.
Ҳаётда ҳар хил вазиятлар бўлади, аммо вақт ўтиши билан бир-бирларини яхшироқ тушуна бошлаганлар. Бу эса ҳар қандай муносабатда муҳим аҳамиятга эга бўлган.
Мен қизимни 3 ёшгача она сути билан эмиздим. Ўғлимни эса болалар бўтқаси билан боқдим. Кўпчилик она сути билан катта бўлган бола бақувват, соғлом, иммунитети юқори бўлади дейишади. Лекин ўғлимга қараганда қизим кўп касал бўлган. Қаерга борсам қизимни ўзим билан бирга олиб борганман, тўйга, байрам, концертларга ҳам дейди, Шаҳзода Муҳаммедова.
Шаҳзода 12 йил давомида бувисига тегишли икки қаватли жойда ўзининг ательесини юритган. Дизайнерлик фаолияти ҳам айнан шу ерда бошланган. Бироқ турмушга чиққач, оилавий ҳаёт сабаб бу жойни тарк этиб, ижарага чиқишга мажбур бўлган. У ижара уйда яшашнинг молиявий ва ҳиссий жиҳатдан нақадар оғир бўлганини ҳам яширмайди.

Одамларга ишонч йўқ
Бувим болалигимда мебел дўконга бориб, “Бу мебелларни энг яхшисидан бер, неварам турмушга чиққанида очамиз”, деган эканлар. Сотувчи эса 11 ёшли қиз ҳали қачон турмушга чиқади деб, ичига сифатсиз ёғочлар, ҳатто ахлат аралаштириб берворган, дея эслайди Шаҳзода.
Йиллар ўтиб, оиласи бу мебелларни уйга жойлаштирмоқчи бўлиб очганида ичидан яроқсиз, сифатсиз ёғоч чиқиб, ҳақиқат юзага чиққан.
Шаҳзода Муҳаммедова ёшлик йилларида ўзини турмуш қурмайдиган аёллар қаторида тасаввур қилганини яширмайди.
20 ёшимда мен ҳам турмушга чиқармиканман деб ўйлаганман. Курсдошларим орасида энг охирги бўлиб, 28 ёшимда турмуш қурдим. Чунки мен актриса эдим, фаол карьера қилаётган аёл эдим — буни кўрган совчилар келишга журъат этмасди, дейди у.
Актрисанинг айтишича, келган совчилар ҳам биринчи навбатда унинг иш фаолиятини тўхтатиш ёки тўхтатмаслик масаласига қизиққан.
Ҳеч ким биз унинг ишини, санъатга бўлган меҳрини тушунамиз демасди. Уйимизга келган совчилар доим “турмушга чиқса ишини тўхтатадими?” деб сўрарди, дейди актриса.
Шаҳзода ҳаёт йўлида оилавий бахт сабр-тоқат ва ишонч билан барпо этилишини ўз тажрибаси орқали кўрсатмоқда.
Изоҳ (0)