Ҳиндистоннинг Бихар штатида жодугарликда айбланган оиланинг беш аъзосини ваҳшийларча ўлдиришда гумонланган уч киши ҳибсга олинди. Бу ҳақда CBS News хабар берди.

Воқеа 5 июлга ўтар кечаси Темта қишлоғида юз берган. Ўнлаб маҳаллий аҳоли оила аъзоларини ўлдириб, жасадларини ёқиб юборган. Қурбонлар орасида уч нафар аёл ҳам бўлган. Полиция кечаси уларнинг куйган жасад қолдиқларини топган.
Ҳодиса қишлоқда касалликдан бир бола вафот этганидан тахминан ўн кун ўтиб содир бўлган. Боланинг акаси ҳам касалликка чалинган. Аҳоли бу касалликни ўша оила “жодугарлик орқали” келтириб чиқарган деб гумон қилган. Қурбонлар — 50 ёшли Бабу Лал Ораон, унинг 70 ёшли онаси Канто Деви, рафиқаси ва икки вояга етган фарзанди бўлган.
Эр-хотиннинг 16 ёшли ўғли оиланинг ягона омон қолган аъзоси ҳисобланади. Унинг айтишича, 5 июль куни соат 22:00 атрофида тахминан 50 кишидан иборат оломон уларнинг уйига бостириб кириб, онасини жодугарликда айблаган ва сўнг бутун оилага тиғли қуроллар билан ҳужум қилган.
Бихар полицияси қотилликни тергов қилиш учун махсус тергов гуруҳи тузган. Ҳозирда қишлоқнинг кўплаб аҳолиси ҳужумга алоқадорликда гумон қилинмоқда.
Изоҳ (0)