Ижтимоий тармоқларнинг ривожланиши бизни ҳаётимизни очиқчасига намойиш этишга ўргатди. Машҳурлар учун эса мухлислари билан бирга суратга тушиш кундалик ҳаётининг бир қисмига айланди. Аммо айрим таниқли шахслар селфи сурат олишга қатъий рад жавобини беради. Улар бундай ҳаракатларини қандай изоҳлайди — қуйида шу ҳақда сўз юритамиз.
Анна Винтур: ҳеч қачон селфи тушмаган

“Мода қироличаси” номини олган Vogue журналининг машҳур бош муҳаррири Анна Винтур ўзининг ноодатий услуби билан ажралиб туради. Унинг ҳар бир образи энг майда деталгача ўйланган, таниш боб услубдаги соч турмаги эса доим идеал ҳолатда туради. Бундай мукаммаллик билан суратга тушишга ҳар ким ҳавас қилади, бироқ Анна бунга ҳеч қачон йўл қўймаган.
2014 йилда Vogue журнали учун тайёрланган интервьюда унга 73 та савол берилган. Ўшанда у ҳануз тугмачали телефон ишлатишини айтган. Журналист селфига тушишни таклиф қилганида, у шундай жавоб беради: “Мен ҳали ҳеч қачон селфи қилмаганман ва бошлаш ниятим ҳам йўқ”.
Ким Кардашьян: реал ҳаётдан завқланади

Ижтимоий тармоқлар юлдузи, собиқ турмуш ўртоғи Канье Уэст билан бирга кўплаб можаролар марказида бўлган Ким Кардашьян илгари “селфи қироличаси” деб ном олган эди. У идеал селфи сирларини ўргатувчи видеодарслар тайёрлаган, ҳаттоки бир кунда мингдан ортиқ селфи қилишини айтган. Бироқ 2018 йилда у This Morning дастурида барчани ҳайратга солган баёнот билан чиқди.
“Энди мен селфи қилмайман. Аслида, менга улар ёқмайди. Мен бугунги, реал ҳаётим билан яшайман. Суратга тушишга қарши эмасман, аммо илгаридек смартфонга қарамликдан воз кечаман”, деди у. Шундан сўнг Кардашьяннинг ижтимоий тармоқдаги саҳифаларида кўпроқ оила даврасидаги оддий суратлар ва профессионал фотосессиялар пайдо бўлди. Селфилар эса анча камайди.
Майли Сайрус: суратга тушишдан тортинади

Машҳур поп юлдузи Майли Сайрус болалигидан бошлаб доим эътибор марказида бўлган. Аммо кўплаб суратга олиш ишлари ва саҳнадаги чиқишлар унга камера олдида эркин бўлишга ёрдам бермаган. Унинг мухлислари селфи тушишни сўраганида ҳануз ўзини ноқулай ҳис қилишини тан олади.
“Мен ҳануз суратга тушишдан тортинаман, қандай табассум қилишни билмайман, ўзимни доим ноқулай ҳис қиламан. Шунинг учун турли қилиқлар қиламан, масалан, тилимни чиқариб тураман. Бу вазиятни енгиллаштиради ва ўзимга ишончимни орттиради”, деган Майли ABC News нашрига берган интервьюсида.
Эмма Уотсон: хавфсизлик барча нарсадан устун

“Гарри Поттер” франшизаси юлдузи Эмма Уотсонга мухлислар томонидан кўрсатилган эътибор кўпинча чегарадан ошиб кетган. Кўплаб можаро ва нохуш ҳолатлардан сўнг актриса ўз хавфсизлиги учун қатъий қоидалар жорий қилган. Улар орасида бегона инсонлар билан селфи тушмаслик талаби ҳам бор.
“Агар кимдир мен билан суратга тушиб, уни ижтимоий тармоққа жойласа, бу икки сонияда мен қаерда эканлигим, нималар кийганим ва ким билан юрганим ҳақида ҳамма билиб олади, деганидир. Мен бундай шахсий маълумотни тарқатмаслик тарафдориман”, деган Эмма Vanity Fair журналига берган интервьюсида.
Изоҳ (0)