Италия ҳукумати катта круиз кемаларининг Венеция сувларига сузиб киришини тақиқловчи фармонни имзолади. Бу ҳақда ҳукумат сайтига таяниб «Korrespondent.net» хабар берди.
«Вазирлар кенгаши раиси Марио Драги, барқарор инфратузилма ва транспорт вазири Энрико Жованнини ҳамда маданият вазири Дарио Франческинининг таклифига биноан, Венецияда транспорт ва кемалар ҳаракатини тартибга солиш бўйича шошилинч қоидаларни тақдим этиш бўйича фармон тасдиқланди», — дейилади хабарда.
Фармонга кўра, 40 минг тоннадан оғир бўлган кемалар ҳамда океан бўйлаб ташишда фойдаланиладиган контейнер ташувчи сув транспортларига тураргоҳ қуриш учун техник-иқтисодий асослар бўйича таклиф ва лойиҳаларни тўплаш мақсадида Шимолий Адриатик денгизининг порт маъмурияти ғоялар танловини ўтказиши керак бўлади.
Венециядаги Жудекка каналида MSC Opera круиз кемаси ва Michelangelo туристик теплоходи тўқнашганидан сўнг ҳудуддаги йирик кемалар йўналишини ўзгартиришга қарор қилинди.
Маълумот учун, Венеция Гондольерлар ассоциацияси қайиқларда йўловчиларнинг максимал сонини беш кишига камайтиришга қарор қилди.
Аввалроқ Италияда коронавируснинг учинчи тўлқини сабаб давом этаётган навбатдаги локдаун вақтида 22 март куни Венеция сувларида икки дельфин пайдо бўлди. Сан-Марко майдонидаги каналларда кўриниш берган дельфинлар она-бола экани тахмин қилинмоқда.
Шунингдек, Венеция шаҳридаги карантин даврида тозаланган каналларда оққушлар ва медузалар кўзга ташланди. Медузани маҳаллий аҳоли вакилларидан бири видеога олган. Видеода диаметри 90 сантиметр ва оғирлиги 35 килограммгача келадиган медузани кўриш мумкин. Қайд этилишича, медуза Баретери кўприги остидаги шаффоф сувда сузиб юрган.
Изоҳ (0)