АҚШ давлат котиби Марко Рубио ўз қўл остидаги ходимларга “христианликка қарши тарафкашлик” ҳолатларини аниқлаб, бундай ҳаракат содир этган ҳамкасблари ҳақида хабар беришни буюрди. Аноним тарзда йўлланадиган хабарда исм-шарифлар ва бошқа маълумотлар бўлиши керак. Ушбу кўрсатма кўплаб амалдорларни ҳайратда қолдириб, чалкашликка солиб қўйди, деб ёзмоқда Politico.

Хабар қилинишича, Рубионинг буйруғига АҚШ президенти Дональд Трамп томонидан чиқарилган фармон асос бўлиб, тегишли ишчи гуруҳ дастлабки натижаларни муҳокама қилиш учун тахминан 22 апрель куни йиғилиш ўтказади. Ҳужжат давлат департаменти ходимларини бир-бирлари устидан аноним шаклда “чақувчилик қилиш”га ундайди.
“Ҳисоботлар иложи борича батафсил бўлиши керак, жумладан, исм-шарифлар, саналар ва жойлашув (масалан, элчихона ёки воқеа содир бўлган ички офис)”, дейилади хабарда.
Ҳужжат давлат котиби Марко Рубио номидан бутун дунё бўйлаб элчихоналарга юборилган. Кўрсатмалар, шунингдек, департаментнинг барча ходимларига тарқатилган хабарномада ҳам эълон қилинган.
Давлат департаменти расмийлари мазкур ташаббусга ҳайрат ва хавотир билан муносабат билдирди. Улар бунинг ортида яхши ният турган бўлиши мумкинлигини истисно этмай, ташкилотда христианликка қарши тарафкашлик мавжудлиги ҳақидаги тахминларни асоссиз деб аташди. Расмийлар Рубионинг кўрсатмаси қўрқув муҳитини юзага келтириши мумкинлигидан огоҳлантирмоқда.
Изоҳ (0)