“Ливерпуль” ҳимоячиси Виржил ван Дейк УЕФА Чемпионлар лигаси 1/8 финал жавоб учрашувидан кейин “ПСЖ” раҳбарияти билан учрашиб, аввалги фикри учун узр сўради.

RMC Sportънинг хабарига кўра, нидерландиялик футболчи Париж клубининг спорт масалалари бўйича маслаҳатчиси Луиш Кампуш ва президент Носир Ал-Хелайфи билан суҳбатлашган.
Ван Дейк ўтган ҳафтада Парижда бўлиб ўтган биринчи учрашув пайтида Иброҳим Конатега қизил карточка кўрсатилмагани борасида тортишув юзага келганини эслатиб, ўзининг “Бро, бу Лига 1 эмас” деган сўзлари учун кечирим сўраган.
Бундан ташқари, ван Дейк “ПСЖ” жамоасини сўнгги уч йил ичида ўзи тўқнаш келган энг кучли рақиб деб атаган. Париж клуби раҳбарияти футболчининг бу ҳаракатини юқори баҳолаган.
Маълумот учун, Англияда кечган “Ливерпуль” - “ПСЖ” жамоалари ўртасидаги жавоб баҳсида парижликлар пенальтилар сериясида 4:1 ҳисобида ғалаба қозониб, чорак финал йўлланмасига эга чиқди. Ушбу босқичда “ПСЖ”га Англиянинг бошқа бир жамоаси — “Астон Вилла” рақиблик қилади.
Изоҳ (0)