УЕФА “Рома” бош мураббийи Клаудио Раньерини ҳакамларни танқид қилгани учун жаримага тортди. Бу ҳақда Football Italia нашри хабар берди.

Жарима Европа Лигаси плей-офф босқичининг “Порту”га қарши дастлабки учрашувидан (1:1) кейин қўлланган. Учрашувни немис ҳаками Тобиаш Штилер бошқарган эди.
Раньери мазкур баҳсдан сўнг Штилер рақиб жамоага ғалабани “совға қилиши” мумкин экани борасида гапирган. Шунингдек УЕФА ҳакамлар қўмитаси раҳбари Роберто Розеттини ҳам танқид қилиб, 2023 йилги Европа Лигаси финалига инглиз ҳаками Энтони Тейлорни тайинлаш тўғри қарор бўлмаганини айтиб ўтган. Ўша финалда “Рома” “Севилья”га пенальтилар сериясида ютқазганди (1:1, пенальтилар – 1:4).
Натижада УЕФА Раньерини 20 минг еврога жаримага тортди. Бундан ташқари, “Рома” клуби жамоа аъзоларининг “ноўрин ҳаракатлари” учун яна 11 минг евро жарима тўлайдиган бўлди.
Изоҳ (0)