Чад пойтахти Нжамендаги президент саройига 8 январь куни кечқурун қуролланган одамлар ҳужум қилди. Бу ҳақда Tchadinfos хабар берди.
Маълум қилинишича, 18 нафар босқинчи йўқ қилинган, бир киши ҳалок бўлган. Президент Маҳамат Идрис Деби ҳодиса вақти саройда бўлган. Ҳужумда “Боко Ҳарам” жангарилари иштирок этгани айтилмоқда.
Сўнгги йилларда Чадда беқарор сиёсий вазият вужудга келди. 2021 йилдан бери мамлакат ўтиш даврини бошдан кечирмоқда. Бу давр исёнчилар билан бўлган жангда ҳалок бўлган президент Идрис Дебининг ўғли Маҳамат Идрис Дебининг ҳокимият тепасига келиши билан бошланган.
2024 йилнинг май ойида Чадда президентлик сайловлари бўлиб ўтди, унда Маҳамат Идрис Деби 61 фоиз овоз билан ғалаба қозонди. Иккинчи ўринни мухолифатчи “Трансформаторлар” партияси етакчиси Суссес Масра (18,54 фоиз) эгаллади.
29 декабрь куни мамлакатда 13 йил ичида илк бор парламентга, шунингдек, маҳаллий сайловлар бўлиб ўтди. Улар ўтиш даврини тўхтатиш йўлидаги қадам бўлиши кутилганди. Мухолифат овоз бериш натижаларини сохталаштириш эҳтимоли борлигидан овоз беришни бойкот қилишга чақирди. Дастлабки натижалар 15 январга қадар эълон қилинади.
Изоҳ (0)