Тожикистоннинг Сўғд вилояти Конибодом туманида 20 дан ортиқ киши сирли равишда ўлдириб кетилди. Бош прокуратура қотилликда гумонланиб тўрт киши ҳибсга олинганини маълум қилди. Бу ҳақда “Спутник Тожикистон” хабар берди.
Бир неча оилаларни ўлдиришда гумонланаётган шахсларга нисбатан жиноят ишлари қўзғатилган. Қамоққа олинган тўртала шахс ҳам 26 ёшдан 36 ёшгача бўлган эркаклар бўлиб, улар Конибодамнинг Гулбоғ, Лоҳути ва Ҳамробоев қишлоқ жамоатларида туғилган.
Прокуратура терговчиларнинг иши мамлакат раҳбарияти томонидан бевосита назорат қилинаётгани ва тергов давом этаётганини таъкидлади.
Эслатиб ўтамиз, Конибодомдаги қотилликлар занжири 2024 йилнинг апрель ойида бошланган бўлиб, бу воқеалар бир-бирига боғлиқми ёки алоҳида ҳодисаларми, ҳозирча номаълум. Ушбу туманда аллақачон 20 дан ортиқ одам сирли тарзда ҳалок бўлган ва ҳукумат ҳанузгача бу жиноятларни фош эта олмаяпти.
Яқинда атиги 8 кун ичида тумандаги 10 нафар аҳолининг жасади зўравонлик белгилари билан топилган. Шу муносабат билан Сўғд вилояти ҳокими Ражаббой Аҳмадзода Конибодом туманига бориб, у ердаги аҳоли билан учрашган. У куч ишлатувчи ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи тузилмалар жиноятларни очиш ва айбдорларни жазолаш учун сафарбар этилгани, жиноятчиларни қидиришда барча чоралар кўрилаётганини таъкидлаган.
Изоҳ (0)