Грузия пойтахти Тбилисида 28 ноябрь куни тунда норозилиш намойишлари авж олди, унда мамлакат президенти Саломе Зурабишвили ҳам иштирок этди. Бу ҳақда “ТАСС” хабар берди.
Намойишчилар Грузия парламенти биноси олдида тўпланган, полиция ходимлари билан тўқнашувлар юз берган. Полиция парламентга кирмоқчи бўлган намойишчиларни сиқиб чиқарган. Ҳуқуқ-тартибот идоралари қалампир газидан фойдаланишга мажбур бўлган. Намойишчиларнинг айримлари ҳибсга олинган. Грузия президенти намойишчиларга қўшилган. У ҳокимиятни такрорий парламент сайловларини ўтказишга чақирган.
Намойишга нима сабаб бўлди?
Тбилисидаги намойиш бош вазир Ираклий Кобохидзе ҳукмрон “Грузин орзуси — демократик Грузия” партияси 2028 йил охиригача Европа иттифоқига аъзо бўлиш бўйича музокараларни муҳокама қилмаслиги ва ҳамжамиятнинг барча бюджет грантларидан воз кечиш қароридан сўнг бошланди.
Кобохидзе таъкидлашича, бунга Европа иттифоқининг музокараларни бошлаш масаласида доимий равишда тазйиқ ўтказиши, парламент қабул қилган бир қатор қонунларни бекор қилишни талаб этиши ҳамда Грузия ҳукуматига нисбатан санкциялар киритишга чақириқлар сабаб бўлган.
“Грузия орзуси” ўзининг Россия тарафдори эмаслигини, демократия ва Ғарб билан интеграцияга садоқатли эканини таъкидлайди.
Изоҳ (0)