Тошкент шаҳрида яшовчи аёл М.Г. ариза билан мурожаат қилиб, ўзининг банк картасидаги 22 млн сўм пул номаълум шахс томонидан фирибгарлик йўли билан ўзлаштирилганлигини маълум қилган. Бу ҳақда Киберхавфсизлик маркази хабар берди.
Маълум қилинишича, тезкор-қидирув тадбирлари натижасида мазкур жиноятни Наманган вилоятида яшовчи, муқаддам Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) билан судланган Р.Н. содир этганлиги аниқланган.
Гумонланувчи сифатида тергов органларига жалб этилган Р.Н. жабрланувчи М.Г. билан Telegram орқали ёзишмаларда ўзини трейдерлик фаолияти билан шуғулланишини ва пулларини биржа орқали оз фурсатларда кўпайтириб беришини ваъда қилган. Сўнг алдов йўли билан 22 млн сўм миқдоридаги пул маблағларини ўтказиб олишга эришиб, берган ваъдасини бажармасдан пулларни ўз эҳтиёжларига сарфлаб юборган.
Мазкур ҳолат юзасидан Р.Н.га нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) 3-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.
Изоҳ (0)