Самарқанд шаҳрида фуқароларни Исроилга ишга юборишни айтиб, улардан пул олган шахслар қўлга олинди. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти хабар берди.
Маълум қилинишича, муқаддам фирибгарлик ва бошқа жиноятлари учун судланган У.В. ва Ф.Ф. уч нафар фуқаронинг ишончига кириб, уларни Исроил давлатига ишга юборишлари эвазига жами 52 700 долларни фирибгарлик йўли билан қўлга киритганликлари аниқланган.
У.В. ва Ф.Ф. томонидан ўз айбига иқрор бўлиб, фуқаролардан қўлга киритган пуллари ҳисобидан 7 минг долларининг қайтарилиши процессуал тартибда расмийлаштирилган.
Худди шундай, Самарқанд шаҳридаги “Э.Л.” нодавлат таълим муассасаси иш юритувчиси У.Ҳ. фуқаролар З.З. ва Б.А.ни ушбу ўқув марказида ўқитиб, кейинчалик Исроил давлатига ишга юбориши эвазига жами 6 700 долларни фирибгарлик йўли билан қўлга киритганлиги аниқланган.
Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Изоҳ (0)