Ижтимоий тармоқларда пойтахтдаги “16-горболница гўштдан заҳарланганлар билан тўлмоқда” мазмунидаги видео хабар тарқалди. Санэпидқўмита Тошкент шаҳар бошқармаси бу бўйича маълумот берди.
Унга кўра, овқатдан заҳарланганлик бўйича бошқарма ҳамда унинг туман бўлимларига шошилинч хабарнома келиб тушмаган.
Шунингдек, шифохона ва Соғлиқни сақлаш бошқармаси билан боғланилганда видео хабарда заҳарланганлик ҳақида маълумот берган фуқаро тез ёрдам ходими экани ва ёлғон хабар тарқатгани аниқланди. Ходим ёлғон хабар тарқатгани туфайли прокуратура органи ушбу ишни кўриб чиқмоқда.
Бундан аввал Тошкент шаҳрида битта кафеда овқатланган 23 киши заҳарланиб, шифохонага ётқизилган эди.
Овқатдан заҳарланиш ҳолатларидан жабрланганлар
Ўзбекистонда 2024 йилнинг 1-чорагида 18 та овқатдан заҳарланиш ҳолатлари қайд этилган бўлиб, бунда 143 нафар фуқаролар жабрланган.
ЖССТ маълумотларига кўра, дунёда ҳар йили хавфли озиқ-овқат маҳсулотларини истеъмол қилиш натижасида 600 миллионга яқин инсон жабрланади. 420 минг киши микроорганизмлар ёки кимёвий моддалар билан ифлосланган озиқ-овқатларни истеъмол қилиш натижасида вафот этади. Уларнинг 125 минг нафарини 5 ёшгача бўлган болалар ташкил этади.
Озиқ-овқат хавфсизлиги ишлаб чиқаришдан тортиб, йиғиб олиш, қайта ишлаш, сақлаш, тарқатиш, тайёрлаш ҳамда истеъмол қилишгача бўлган барча босқичларда муҳим рол ўйнайди. Ишлаб чиқариш занжирининг барча босқичида озиқ-овқат маҳсулотларининг ифлосланиши ёки зарарланиши хавфи мавжуд бўлиб, уларнинг хавфсизлиги учун ҳар бир иштирокчи – тадбиркор жавобгар.
Изоҳ (0)