Исроил миллий хавфсизлик вазири Итамар Бен-Гвир босиб олинган Шарқий Қуддусдаги Ал-Ақсо масжиди мажмуаси ҳудудида яҳудий синагогасини қуриш нияти борлигини айтди. Бу ҳақда Al Jazeera хабар берди.
Ал-Ақса мажмуаси ислом динининг учинчи энг муқаддас зиёратгоҳи ва Фаластин миллий ўзлигининг рамзидир. Шунингдек, яҳудийлар уни Биринчи ва Иккинчи маъбадлар жойлашган макон сифатида эътироф этади.
“Агар хоҳлаган нарсамни қила олсайдим, бу жойга Исроил байроғини ўрнатган бўлардим”, дейди Бен-Гвир.
Журналист бир неча бор ундан: “Агар сизга боғлиқ бўлса, бу жойда синагога қурасизми?” деб сўрагач, Бен-Гвир “Ҳа” деб жавоб берган.
Ўнлаб йиллар давомида Исроил ҳукумати томонидан сақланиб келинаётган статус-квога кўра, яҳудийлар ва мусулмон бўлмаганлар босиб олинган Шарқий Қуддусдаги мажмуага белгиланган соатларда кириши мумкин, у ерда ибодат қилиш ёки диний рамзларни намойиш этишга рухсат берилмайди.
Етакчи раввинларга кўра, Ал-Ақсо масжидининг муқаддаслиги туфайли унинг ҳар қандай қисмига яҳудийлар кириши тақиқланган. Масжид мажмуаси Иордания томонидан бошқарилади, аммо ушбу жойга кириш Исроил хавфсизлик кучлари томонидан назорат қилинади. Бен-Гвир яҳудийларга мажмуада ибодат қилишга рухсат берилиши кераклигини айтган.
“Араблар истаган жойда ибодат қилиши мумкин, шунинг учун яҳудийлар ҳам истаган жойда ибодат қилиши керак”, деган у ва ҳозирги сиёсат яҳудийларга ушбу жойда ибодат қилишга рухсат беришини даъво қилган.
Изоҳ (1)
Al-aqso buzulsa yoki masjid ul aqsoni pokligiga putur yetishiga indamiy qarab turganlaga. Allohni ozi kifoya qisin.