Ўрта вазн тоифасида собиқ вақтинчалик WBC чемпиони Сергей Богачук Исроил Мадримов ҳамда Теренс Кроуфорд ўртасидаги жангга ўз муносабатини билдирди.
Украиналик боксчи P4Р рейтинги етакчиси — америкалик Теренс Кроуфордни 4 август тонгида бўлиб ўтган жангда мағлубиятга учраганди деб ҳисобламоқда.
“Айтяпман-ку, ҳакамлар Теренснинг ғалабасига ортиқча баҳо бериб юборди. Ҳа, конкрет юқори баҳо берилди. Ваҳоланки, у Мадримовга қарши жангда амалда ҳеч нарса қила олмади. Шахсан мен бу жангда Исроил Мадримов ғалаба қозонди, деб бемалол айта оламан.
У Кроуфорд аслида ким ва қандай даражадаги боксчи эканини кўрсатиб қўйди. Теренс тактикаси йўқ, фақат олдинга бораверадиган мексикаликларга қарши жангларда енгил ғалабаларни қўлга киритиб ўрганиб қолибди. Мадримов эса умуман бошқа бокс мактабини кўрсатиб берди. Оёқ ҳаракатлари, рақибни ёнига чақириб, кутилмаган хужумлар уюштириш, доимий жеб зарбаларини йўллаши, Теренс бу нарсаларни кутмаганди.
Агар Кроуфорд шу жангини намойиш этса, Сауль Алварес уни шунчаки ўлдириб қўяди”, — дейди Богачук.
Эслатиб ўтамиз, Мадримовнинг Теренс Кроуфордга қарши жанги 4 август куни Лос-Анжелесда бўлиб ўтганди. Жанг америкалик боксчининг очколар ҳисобига (115-113, 115-113, 116-112) кўра ғалабаси билан якунланган эди.
Изоҳ (0)